Қувайт билан алоқалар ривожланмоқда
Қувайт билан алоқалар ривожланмоқда
Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Қувайт университети ижтимоий фанлар коллежининг сиёсатшунослик фанлари профессори Ҳайла Ал-Мекайми билан учрашув бўлиб ўтди.
Ҳайла Ал-Мекаймига марказ ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу марказнинг асосий мақсадлари минтақадан келиб чиққан ва жаҳон илм-фанига ўз кашфиётлари ва асарлари билан улкан ҳисса қўшган буюк олим ва мутафаккирлар қолдирган меъросни сақлаш, ўрганиш, ушбу бебаҳо меърос воситасида ўсиб келаётган ёш авлодни ватанига юксак фахр ва аждодларига эҳтиром туйғуларида тарбиялаш, ислом динининг асл моҳияти тичликсеварлик, инсонийлик ва яратувчанлик дини эканлигини намойиш қилишдан иборатлиги таъкидланди.
Ҳайла Ал-Мекайми Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк аллома ва олимлар нафақат ислом цивилизацияси балки жаҳон цивилизациясида ўчмас из қолдирганини эътироф этди. У Президент Ш.Мирзиёевнинг мамлакатда сўнгги йилларда амалга ошираётган ислоҳотлари, шу жумладан диний соҳадаги ислоҳотларини катта қизиқиш билан кузатаётганини ва ушбу мавзуда рисола яратаётганини, унда Ислом Цивилизацияси маркази, халқаро Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказига махсус боб ажратилганини маълум қилди. Олима мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти юқори эканини таъкидлади. Келажакда у Қувайтдаги Миллий Кутубхона ва қатор хусусий жамғармалар билан умумий маънавий илмий мерос бўлган қўлёзмаларни йиғиш, ўрганиш ва тарғиб қилишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ва Қувайт кутубхоналари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилишида ёрдам беришга тайёр эканини қайд қилди.