"Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасасида иншо танлови бўлиб ўтди


Жорий йилнинг 1 май куни Андижон  «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Мусулмон Шарқида илм-фан ривожи ва ҳозирги замон” мавзусида ўтказилган иншо танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Дастлаб иштирокчиларга “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази” ролиги намойиш этилди.

Тадбирни билим юрти мудири Рустам Маҳмудов очиб бериб, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, ушбу масалалар бўйича билим юртида таҳсил олаётган талаба ёшлар олдида турган вазифаларни таъкидлаб ўтди. Сўнгги беш йилда ўрта махсус ислом таълим муассасалари сони 10 тага,  олий диний таълим муассасалари сони эса 3 тага етганини қайд этди. Шунингдек, иншо танловини ташкил этган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мутасаддиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шундан сўнг, Марказнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи, филология фанлари доктори(DSc) Фаррухбек Олим сўзга чиқиб, аждодлар илмий-ижодий меросини ёшлар қалбига чуқурроқ сингдириш, буюк алломаларнинг ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, уларнинг асарларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш ва хотирасини абадийлаштириш, Мусулмон Шарқида рўй берган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид ютуқлар ва уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти тўғрисида билимларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш танловдан кўзланган асосий мақсад эканлигини яна бир бор эслатиб ўтди.

Марказнинг Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Гулнора Ғаниева, Компьютер ва ахборот технологиялари бўлими бош мутахассиси Охунжон Аҳмадалиевлар сўзга чиқиб, иншолар танловининг аҳамияти, «Учинчи Ренессанс – янги Ўзбекистон» ғоясининг мазмун-моҳияти, жумладан, унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамияти тўғрисида гапиришди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида маълумотлар беришди.

Иншолар танловида 30 нафарга яқин талаба иштирок этди. Ғолиблар:

1-ўрин – 4-босқич талабаси Салимов Саидакбар.

2-ўрин – 4-босқич талабаси Мелиқўзиев Абдушакур.

3-ўрин – 3-босқич талабаси Холиқов Жаҳонгир.

Иншолар танлови ғолиблари сертификат, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди ҳамда «Минг бир кашфиёт», «Буюк аждодларимиз», «Вақфия» китоблари, Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” журналлари тақдим этилди.