Хабар


2023 йил 30–31 май кунлари Тошкент шаҳридаги Виндҳам меҳмонхонасида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – жаҳон ислом меросини оммалаштиришнинг муҳим бўғини” мавзусида халқаро илмий-амалий давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида АҚШ, Австрия, Буюк Британия, Франция, Қатар, Иордания, Миср, Туркия, Афғонистон, Жанубий Корея, Малайзия ва Марказий Осиё давлатлари ҳамда мамлакатимиздан юздан ортиқ исломшунос, шарқшунос, санъатшунос, музейшунос, тарихчи, археолог олимлар, дин ва жамоат арбоблари қатнашдилар. Иштирокчилар ислом цивилизацияси ютуқларини оммалаштириш механизмининг янги бўғини сифатида шаклланаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг вазифалари ва унинг фаолият йўналишларини маъқулладилар ва марказнинг концепцияси бўйича қимматли таклиф ва тавсияларни баён этдилар.

Тадбир давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРCИКА), Қатар Миллий кутубхонаси, Миср Миллий архивлар ва китоблар бош ҳайъати, Иорданиянинг Ол ал-Байт университети, Буюк Британиянинг Миллий Закот фонди, Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти, Қозоғистон Республикаси Миллий музейи, Афғонистондаги Бойсунғур илмий-тадқиқот институти ва бошқа хорижий ҳамда маҳаллий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ИРСИКА маркази билан ҳамкорликда ўтказилган минтақавий каллиграфия кўрик-мусобақаси ғолиблари тақдирланди. Кўфий услубидаги ҳуснихат бўйича юртдошимиз, ёш хаттот Нажмиддин Фаёзий биринчи ўринни, кейинги Ўринларни Қозоғистон ва Россия вакиллари эгалладилар.