Хабар.


14 июль куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ибн Сино жамоат фонди ва маҳаллий олимлардан иборат илмий делегация аъзолари Абу Али ибн Сино меросини Эрондаги намуналарини ўрганиш учун Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрига етиб келди.

15 июль куни Эрон Миллий кутубхонаси раҳбарияти билан расмий учрашув ва музокаралар ўтказилди. 2018 йилда Ўзбекистондагт Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Эрон миллий кутубхонаси ўртасида имзоланган ва пандемия оқибатида ижроси кечиктирилган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ижросини янгилаш муҳокама қилинди. Эрон томонига Цивилизация марказида сақланаётган "Шарқ ва Ғарб" ноёб сайланмасининг тўрт жилдлик картотекаси, Марказ олимлари томонидан сўнгги йилларда чоп этилган илмий асарларнинг нусхалари тақдим қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги халқаро "Ибн Сино" жамғармаси томонидан Ибн Сино асарларининг нашрлари намуналари ҳам миллий кутубхонага ҳадя қилинди. Эрон томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва "Ибн Сино" жамғармаси кутубхонаси учун 65 жилдлик Эрон ва Ироқ кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалар фихристлари совға қилинди. Эрон томонига Ўзбекистонда алломалар меросига берилаётган алоҳида эътибор, шу йўналишда амалга оширилаётган чора тадбирлар тўғрисида муфассал ахборот берилди. Олимлар, соҳа мутахассислари ва Ўзбекистон Миллий телерадио комапнияси журналистларидан иборат илмий экспедиция аъзолари Теҳрон Қум, Исфаҳон ва Ҳамадонда бўлиб, Абу Али ибн Синонинг ушбу юртдаги фаолияти ва қолдирган илмий меросини яқиндан ўрганадилар, кутубхоналаримиз ва архивларимизни бойитадиган илмий материаллар ҳамда маълумотлар тўплайдилар. Барча учрашувларда яқинда мамлакатимиз Раҳбарининг Эронга амалга оширган ташрифининг ниҳоятда самарали бўлгани мамнуният билан таъкидланди.