"CHRISTIE'S" тижорат уйи вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига келдилар
Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Буюк Британиянинг “CHRISTIE’S” бадиий санъат асарлари уйи вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Меҳмонларга Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиш тарихи, мақсади ва вазифалари тўғрисида маълумот тақдим қилинди. Ислом динининг инсонпарварлик ва бағрикенгликдан иборат мазмун-моҳиятини тарғиб этишда санъат асарларининг ўрни алоҳида қайд қилинди.
Шунингдек, Марказ музейи ва кутубхонаси, унда сақланаётган нодир асарлар жамланмалари ҳамда Усмон Мусҳафи ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Халқаро ташкилотлар билан илмий-маданий йўналишда, Ислом меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг таништиришда ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди.
“Кристи” савдо уйи ижрочи директори, Ислом ва ҳинд санъати бўлими бошлиғи Сара Пламбли учрашув учун миннатдорчилик билдирди ва Ўзбекистонга ташрифидан мамнунлигини изҳор қилди. Марказ ва унинг ғояси, Ислом меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ қилиш йўналишида давлат даражасида юқори аҳамият берилаётганини маъқуллади. Санъат асарлари уйи томонидан йил давомида икки маротаба ислом санъатига оид ким ошди савдоси ташкил этилиши, Марказ учун муҳим бўлган музей экспонатларини сотиб олиш юзасидан маслаҳат беришга тайёрлигини маълум қилди.
Ўз навбатида Марказ директори ташкилот экспертларини, жумладан, реставрация, баҳолаш ҳамда музей мутахассисларини Марказ лойиҳаларига таклиф қилиш истагини билдирди.
Учрашув самимий ва очиқ дўстона руҳда бўлиб ўтди.