Малайзия Исломни англаш институти раиси Доктор Муҳаммад Нур Манути бошчилигидаги делегация ташрифи
Жорий йил 14 ноябрь куни Малайзия Исломни англаш институти раиси Доктор Муҳаммад Нур Манути бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрди. Меҳмонларга Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиш тарихи, мақсади ва вазифалари тўғрисида батафсил маълумот тақдим қилинди. Президент Ш.Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонда маданий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўлиқ маълумотлар берилиб, диний ва дунёвий фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ аждодларимизнинг Ислом тамаддунига қўшган ҳиссаси мисоллар билан эслаб ўтилди. Давлатимиз Раҳбари илмий-маданий меросимиз нафақат ўзбек халқининг, балки бутун мусулмон умматининг муштарак мероси сифатида эътироф этгани, ушбу меросни тадқиқ ва тарғиб қилишда ўзаро ҳамкорликка даъват этгани айтиб ўтилди. Ислом тамаддуни билан боғлиқ меросимизни сақлаш ва илмий асосда ўрганиш йўналишида мамлакатимизда ташкил этилган марказлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Делегация раҳбари Ўзбекистонга ташрифидан мамнунлигини изҳор қилиб, Марказ ва унинг ғояси, Ислом меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ қилиш йўналишида давлат даражасида юқори аҳамият берилаётганини олқишлади. Келажакда мазкур илм маркази халқаро даражада Ўзбекистонни янада танилиши ва эътироф этилишини таъминлашда муҳим восита бўлишига ишонч билдирди.