Хабар.


  Халқаро конференция муносабати билан юртимизда меҳмон бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикасининг Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий бошчилигидаги делегация бугун Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюрди.

  Меҳмонларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан Давлат Раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси лойиҳаси тақдимоти ўтказилди, Марказ олдига қўйилган мақсад ва вазифалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

  Муҳаммад Қосим Ҳалимий жаноблари узоқ йиллардан бери Ўзбекистонга ташриф буюриш истагида бўлгани, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларига ташрифи унда улкан таасурот қолдирганини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса Ислом дини олдидаги хизматлари учун тасанно айтишини таъкидлаб, афғонистонлик миллионлаб ўзбеклар сингари бу юрт- Ўзбекистон билан мағрурланишини таъкидлади. "Президент Ш.Мирзиёев барпо этаётган бу Марказ нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун ислом дунёсига хизмат қилажагига" ишонч билдирди.

  Меҳмон Марказ мажмуаси боғи учун Қандаҳорнинг машҳур анори ва Ҳирот узумининг кўчатларидан юбориш ниятини маълум қилди.

  Шунингдек Ислом цивилизацияси маркази кириш пештоқларидан бирига Афғонистонда чиқариладиган лазурит тошидан Афғонистон Президенти Ашраф Ғани жаноби олийлари номидан Президент Ш.Мирзиёев номига табрик ва тилаклар битилган панно совға қилиш тўғрисида таклиф киритажагини маълум қилди.

  Қобул университети профессори Фазл Раҳим Басират Марказ фаолияти доирасида Ўзбекистондаги минглаб диний-илмий қўлёзмаларни рақамлаштириш, китоб шаклида нашр қилиб мусулмон мамлакатларига, жумладан Афғонистонга етказилиши муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Марказ илмий фаолиятига дунёнинг етакчи исломшунос олимларини жалб этиш ўта манфаатли бўлиши ҳам айтиб ўтилди.