“Мусулмон мутафаккирлари кенгаши” Бош котиби бошчилигидаги делегация Марказга ташриф буюрди


 

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Абу Дабидаги «Мусулмон мутафаккирлари кенгаши» Бош котиби Муҳаммад Абдуссалом бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Марказнинг қурилиш майдонига ташриф буюрди.

Юқори мартабали меҳмон ва делегация аъзоларига Президент Ш.Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонда маданий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўлиқ маълумотлар берилиб, диний ва дунёвий фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ аждодларимизнинг Ислом тамаддунига қўшган ҳиссаси мисоллар билан эслаб ўтилди. Давлатимиз Раҳбари илмий-маданий меросимиз нафақат ўзбек халқининг, балки бутун мусулмон умматининг муштарак мероси сифатида эътироф этгани, ушбу меросни тадқиқ ва тарғиб қилишда ўзаро ҳамкорликка даъват этгани айтиб ўтилди. Шунингдек, Ислом цивилизацияси марказининг асосий мақсади ва вазифаси ислом динининг инсонпарварлик ва бағрикенгликдан иборат мазмун-моҳиятини тарғиб этишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Муҳаммад Абдуссалом учрашув учун мезбонларга миннатдорчилик билдирди ва  Ўзбекистонга ташрифидан мамнунлигини изҳор этди. Марказ ва унинг ғояси, Ислом меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ қилиш йўналишида давлат даражасида юқори аҳамият берилаётганини маъқуллади. Келажакда мазкур илм маркази халқаро даражада Ўзбекистоннинг янада танилиши ва эътироф этилишини таъминлашда муҳим восита бўлишига ишонч билдирди. Шунингдек, Мовароуннаҳрда етишиб чиққан аллома ва уламолар жаҳон мусулмонларига устоз эканлигини алоҳида эслаб ўтди.

Томонлар ҳар икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашга тайёргарлик кўриш хусусида келишиб олдилар. Учрашув самимий ва очиқ дўстона руҳда бўлиб ўтди.