"Республикада фаолият кўрсатаётган кутубхона ходимлари учун ўзаро тажриба алмашиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш" мавзусида халқаро онлайн ўқув-семинар тренинг ташкил этилди.
15 декабрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРСИКА) билан ҳамкорликда “Республикада фаолият кўрсатаётган кутубхона ходимлари учун ўзаро тажриба алмашиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш” мавзусида халқаро онлайн ўқув-семинар тренинг ташкил этилди.
Халқаро ўқув-семинар тренинг республикамизда ва хорижий кутубхоналар иш фаолиятини кенгроқ ёритиш, кутубхона бошқарувидаги янги тенденцияларни ўрганиш, кутубхона ишини технологик нуқтаи назардан кўриб чиқиш, кутубхона иши соҳасида каталоглаштириш амалиётларининг замонавий усуллари таҳлили, фотоархив ҳужжатлари билан ишлашнинг хорижий тажрибаси каби мавзулар, шунингдек, Марказ қўлёзмалар фондини шакллантиришда ўзаро тажриба алмашиш, республикамизда мавжуд қўлёзма ва тошбосма асарлар, архив ҳужжатларининг консервация ва реставрацияси борасида илғор иш тажрибаларни оммалаштириш масалалари ҳақида ҳам ўзаро фикрлашиб олинди.
Семинар тренингда Республикамизда фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот марказлари, ЎзР ФА Шарқшунослик институти ва Шарқшунослик университети кутубхоналари ходимлари, шунингдек, олий таълим муссасалари кутубхоналари ходимлари иштирок этишди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ушбу йўналишда хориж тажрибаси билан мунтазам танишиб бориш ва ўзаро тажриба алмашиш кутубхоналар фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини эътироф этишди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Матбуот хизмати