Сирдарё вилояти бўйлаб Буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича семинар-тренинг ташкил этилди
2024 йил 20-21 февраль кунлари Сирдарё вилоятининг Ховос ҳамда Гулистон туманлари марказида Буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди. Унда республикамиздаги йирик илмий тадқиқот марказ илмий ходимлари ўз маърузалари билан иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими О.Тангиров маъруза қилди.
Тадбирда ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, мактабгача таълим муассасалари директорлари, мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари (жами 370 нафар) иштирок этди.
Учрашувда “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар”, “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми” ва “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” мавзусида маърузалар тингланди. “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш этилди.
Шунингдек, тадбир якунида илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган 50 номдаги янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.