Тарғибот тадбирлари Тошкeнт вилоятида ҳам бошланди


Жорий йилнинг 21 февраль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорларидан иборат тарғибот гуруҳи Тошкент вилоятида иш бошлади.

Вилоятнинг Нурафшон шаҳри ва Юқори Чирчиқ туманида ташкил этилган тадбирларда ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, вилоят ҳокимлиги масъул вакиллари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа олимлари, мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, умумтаълим мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирларда илмий муассасалар раҳбарлари “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маърузалар қилди.

Иштирокчиларга “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.