Қашқадарё вилоятида ўтказилган тадбирлар тафсилотлари
Жорий йилнинг 26 февраль кунидан 29 февраль кунига қадар Қашқадарё вилояти бўйлаб тарғибот тадбирлари мунтазам олиб борилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими А.Яхшибоев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ш.Умаров, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими С.Бобоходжаев ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Ш.Жўраевдан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари шу кунлар давомида Қарши шаҳри, Чироқчи, Шаҳрисабз, Қамаши туманларида учрашувлар ўтказишди.
Тадбирларда Қашқадарё вилояти ҳоким ўринбосари Н.Арзиқулов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитасининг ҳудудий бошқармаси мутахассислари, Чироқчи туман ҳокими Ф.Юсупов, Шаҳрисабз туман ҳокими А.Ҳасанов, Қамаши туман ҳокими Ҳ.Усмонов, қайд этилган туманлар ҳоким ўринбосарлари, мутасаддилари, шунингдек, Кўкдала ҳамда Ғузор туманлари ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла, хотин-қизлар фаоллари – жами 1130 нафар иштирокчи қатнашди.
Учрашувларда томонидан “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар ўқиб эшиттирилди. Маърузачилар ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этиши, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлашини таъкидлашди. “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” ҳужжатли фильми, “Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази” видеоролиги намойиш этилди.
Тадбирлар давомида Қашқадарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Н.Арзиқулов, Чироқчи туман ҳокими Ф.Юсупов, Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи М.Очилова, Шаҳрисабз туман ҳокими ўринбосари Ш. Қурбоновалар тарғибот тадбирлари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтдилар.
Тадбирлар якунида маърузачилар ва иштирокчилар ўртасида маърузалар мазмун-моҳиятини англаганлик юзасидан савол-жавоб (викторина) ўтказилди ва тўғри жавоб берган иштирокчиларга илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган китоблар совға қилинди.
Қашқадарё вилоятида ўтказилган тадбирларда жами 1700 дан зиёд иштирокчи қатнашди.