Фалакиёт илми..
Фалакиёт илми…
Марказ музейининг Илм-фан бўлими экспозициясида юртимиздан етишиб чиққан қомусий олимлар, уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини энг замонавий усуллар ва воситалар орқали ёритиш мақсад қилинган. Мазкур лойиҳани амалга оширишда мамлакатимизнинг энг етук олимлари, академик ва фан докторлари, профессорлари катта ҳисса қўшиб келишмоқда.
Куни кеча Марказ музейининг Илм-фан бўлими экспозициясини шакллантиришда фаол иштирок этаётган ЎзР ФА Улуғбек номидаги Астрономия институти раҳбарияти ҳамда соҳа мутахассислари мажмуага ташриф буюришди.
Ижодий жараёндан лавҳалар
Меҳмонлар музейнинг “Намунавий ҳудуди” билан атрофлича танишиб чиққач, физика-математика фанлари доктори, профессор Ш.Эгамбердиев ҳамда Астрономия институти илмий ходимлари экспозиция юзасидан мулоҳазалар юритиб, янги таклифлар беришди.
Ўзбекистон ҳудудида астрономия фанининг гуркираб ривожланишида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби қомусий олимларнинг илмий изланишлари катта аҳамият касб этади.
Замондош олимлар саъй-ҳаракатлари билан тобора такомиллашиб бораётган Илм-фан бўлимида Муҳаммад Хоразмийнинг “Ер сурати” (“Китоб сурат ал-арз”) асари нусхаси ҳамда қуёш, ой, бешта сайёра ҳаракатлари, математик география, тригонометрия, қуёш ва ой тутилишлари ёритилган “Зиж” астрономик китоби ҳақида маълумотлар келтирилади.
Шунингдек, экспозицияда Муҳаммад Хоразмийнинг замондоши ва ҳамкори Абул Аббос Аҳмад ал-Фарғоний фойдаланган астурлоб модели ҳамда олим томонидан таъмирлаб такомиллаштирилган Нил дарёси сатҳини ўлчовчи – ниломер қурилмаси модели витриналардан ўрин олади.
Астурлоб ва ниломер моделлари
Бўлим марказидан Абу Райҳон Беруний чизмалари асосида яратилган катта ҳажмдаги глобус модели жой олган бўлиб, унинг маҳобати ва моҳияти музейга ташриф буюрган ёшлар қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини пайдо қилади. Бундан ташқари, олимнинг ўрта асрлар математикаси ва астрономияси қомуси саналган “Ал-Қонун ал-Масъудий” фундаментал асари нусхасини ва бошқа кўплаб илмий изланишларини интерактив усуллар билан ёритиб бериш режалаштирилган.
Абу Райҳон Беруний глобуси ҳамда “ҳикмат тарозуси” моделлари
Самарқанд астрономия мактабининг шаклланишига катта ҳисса қўшган олимлар Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи каби машҳур математик-астрономлар фаолияти бўлимнинг Мирзо Улуғбекка бағишланган қисмида ёритилади. Фандаги асосий қизиқиши астрономия бўлган Мирзо Улуғбек давридаги глобус ва армиляр шар модели, унинг “Зижи Гўрагоний” асари қўлёзмаси нусхаси витриналардан ўрин олади. Соҳа мутахассислари томонидан замонавий мультимедиа технологиялари асосида ишлаб чиқилган Мирзо Улуғбек расадхонасининг 3D видео-реконструкциясини намойиш этиш режалари мавжуд.
Музейда юртимиздан етишиб чиққан, жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимизнинг илмий меросини ташриф буюрувчилар эътиборига ўзига хос усулларда тақдим этиш мақсадида ходимлар томонидан дунёнинг етакчи музейлари тажрибаси ўзлаштирилиб, халқаро талаблар асосида иш олиб борилмоқда.
Юқорида зикр қилинган ишлар Илм-фан бўлими шакллантираётган улкан экспозициянинг фақат астрономияга бағишланган қисми бўлиб, Музейнинг бошқа ҳудудларида Марказий Осиёда юксак даражада ривожланган математика, кимё, минерология ва табобат илмларига оид экспозицияларнинг қандай кўринишда бўлишини билиш янада қизиқарлидир.
Тайёрлади,
Марказ илмий ходими, санъатшунос Гўзалхон Вахобова