Президент Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази илмий фундаментал база бўлиши лозим


      Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июнида Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига рамзий тамал тошини қўйган эдилар. Ўтган вақт давомида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Иншоотнинг дастлабки икки қавати ва деворлари қурилди, айни пайтда том қисми конструкциялари монтаж қилинмоқда. 
 Қарийб 10 гектарни эгаллаган муассаса том маънода илмий-маърифий марказ бўлади. Бинонинг ер қаватида музейнинг сақлаш хоналари, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни қабул қилиб олиш, реставрация қилиш хоналари бўлади. Биринчи қаватда кутубхона, анжуманлар зали, аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси, санъат ва меъморлик анъаналарига бағишланган кўргазма заллари жойлашади. Марказий залга Усмон Қуръонининг оригинал нусхаси қўйилади. Иккинчи қаватдан ахборот-ресурс маркази, ўқув заллари, илмий кафедралар ва бошқа хоналар ўрин олади. 
Давлат раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечирди, бинонинг ички ва ташқи кўриниши, гумбаз ранглари юзасидан ўз тавсияларини берди.
–  Бу марказ орқали жаҳон илми, маърифати, маданияти ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим. Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги илмий-тадқиқот ишлари бу марказ билан ҳамоҳанг бўлиши, талабалар юқори курсларни шу ерда ўқиб, ўқитувчилар малакаларини ошириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев. Президентимиз Усмон Қуръонини безавол сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Уни талабга мос ҳарорат ва ёруғлик даражасини таъминлаган ҳолда сақлаш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Манба: president.uz