Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида семинар-тренинг ўтказилди


“Буюк алломаларимиз илмий меросини тарғиб қилиш” мавзусида юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ўтказилаётган семинар-тренинг бугун, жорий йилнинг 5 март куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон халқаро ислом акамедияси биносида ташкил этилган тадбирда ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ҳудудлардаги ёшлар етакчилари, маҳалла еттилиги вакиллари, тумандаги оилавий поликлиника раҳбарлари, диний соҳа вакиллари, мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари жами 400 нафар иштирокчи қатнашди.

Акамедия ректори Уйғун Ғафуров олиб борган тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори  ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори   Шовосил Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримовлар  маърузалар ўқишди.

Сўзга чиққанлар, исломнинг тинчликпарвар дин эканлиги, аждодларимиз қолдирган буюк илмий мероснинг дунё аҳамиятига моликлиги, бу бойлик ёшларни жаҳолатга қарши маърифат ғояси асосида тарбиялашда асосий манба бўлиб хизмат қилишини яққол мисоллар ёрдамида тушунтиришди.  Кейинги йилларда ташкил этилган илмий-тадқиқот марказлари шу йўлда қатор-қатор китоблар чоп этаётганлиги, қадимги қўлёзмалар замонавий ўзбек тилига таржима ва табдил қилинаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

“Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз”, “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази” ҳужжатли фильми  намойиши билан бошланган тадбир охирида навбат савол-жавоблар ва таклифларга берилди.

Эркин мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда, жумладан, “Янги Жарариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Шоҳида Юсупова сўз олиб, бугун соҳа мутахассислари томонидан алломаларимиз ҳақида айтилган янги фактларни, албатта, бошқаларга, айниқса, ёшларга ҳам етказишини мамнуният билан таъкидлади.