Пойтахтнинг Олмазор туманида семинар-тренинг ўтказилди


Хабарингиз бор, “Буюк алломаларимиз илмий меросини тарғиб қилиш” мавзусида юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги тренинг бугун, жорий йилнинг 4 март куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди.  

Турин политехника университети биносида ташкил этилган тадбирда ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ҳудудлардаги ёшлар етакчилари, маҳалла еттилиги вакиллари, тумандаги оилавий поликлиника раҳбарлари,  диний соҳа вакиллари, мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари жами 300 нафар иштирокчи қатнашди.

Тадбирни Дин ишлари бўйича қўмитанинг Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармаси Олмазор тумани бош мутахассиси, Тошкент шаҳри “Маърифий тарғибот маркази” директори ўринбосари Мирзоҳид Хидиров олиб борди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори  Шоазим Миноваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори   Шовосил Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари  Азиз Таджиевлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар, бугунги йиғилиш, нафақат, буюк алломаларимиз илмий меросидаги илм-маърифат ва юксак инсонпарварлик ғояларини халқимизга етказиш, балки давлат хизматчилари ва раҳбар ходимларнинг маънавий-ахлоқий қиёфасини янада шакллантириш, буюк аждодларимиз маънавий меросининг аҳамиятини илмий асослар билан тушунтириш ҳамда ёшларни жаҳолатга қарши маърифат руҳида тарбиялашга қаратилган эзгу мақсадга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази”, “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” ҳужжатли фильми  намойиши билан бошланган тадбир охирида навбат савол-жавоблар ва таклифларга берилди. Семинар-тренинг эркин мулоқот шаклида ташкил этилганлиги, илмий марказлар томонидан нашр этилган китоблар кўргазмаси билан бойитилганлиги туфайли қизиқарли ва мазмунли ўтди.