“ПАНОРАМА 1453” ТАРИХ МУЗЕЙИНИНГ ИННОВАЦИОН ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛДИ


Биламизки, Истанбулнинг географик жойлашуви, шубҳасиз, унинг ажойиб бой маданий ва тарихий ўтмишига ҳисса қўшган. Мазкур шаҳар тарихда муҳим роль ўйнаган ва уни ўзгартирган кўплаб воқеаларни бошдан кечирган. Айнан битта воқеликка тўхталиш керак бўлса, бу шубҳасиз 1453 йилда Истанбулни забт этилиш воқеасидир. Бу – бир империяни тугатиб, иккинчиси устидан ғалаба қозонган ва бир даврни тугатиб, янгисини бошлаган тарихий жараён. Агар Истанбулнинг бутун улуғворлиги билан танишиш истагида бўлсангиз, унда “Панорама 1453” тарих музейи ташриф буюрадиган масканларингиз рўйхатида бўлиши керак. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори бошчилик қилаётган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат делегация Истанбулнинг Усмоний султон Меҳмет Фотиҳ томонидан фатҳ этилишига бағишланган “Панорама 1453” музейи экспонатлари ва музейнинг инновацион тажрибаси, 3D-проекцияси билан танишди. Делегацияни музей директори Meҳмет Aккaя кутиб олди.

“Панорама 1453” тарих музейининг қурилиш ғоясини лойиҳага айлантириш ва музейни лойиҳалаш 2003 йилга тўғри келади. Қурилиш ишлари 2005 йилда бошланган ва 2008 йилда қуриб битказилган. Ташриф буюрувчилар учун эса музей эшиклари 2009 йил 31 январда очилган. Саккиз нафар рассом панорамани яратишда асосий роль ўйнаган. Лойиҳанинг ғоя муаллифи – қатор мультфильмлар рассом ва режиссёри Ҳошим Ситизен. Унинг раҳбарлигида Рамазон Эркут, Яшар Зейналов, Оксана Легка, Aҳмет Кая, Ҳасан Ҳ. Динчер, Aтилла Тунка ва Мурат Эфе лойиҳа устида ишлашган. Айнан шу жамоа Туркиядаги илк панорамали музейни яратишган. 

Музейдаги 360 даража панорамали улкан расмни ўз ичига олган асосий экспонатнинг диаметри 38 метрни ташкил этади. Аммо расмнинг тақдимот усули уни анчайин катта қилиб кўрсатади, шу боис ҳақиқий ўлчамларни идрок этиб бўлмайди. Ташриф буюрувчилар эса дастлабки сонияларда бу кўринишдан ҳайратда қолади. Шунингдек, иллюзияларни таъсир кучини оширувчи ўқ отишмалари, аскарларнинг қичқириғи ва жанговар мусиқа каби турли хил товуш эффектлари ҳам мавжуд.

Музейдаги расмларни тайёрлаш жараёнида 100 йил давомида ҳам эскирмай, асл ҳолича сақланадиган пигмент бўёқдан фойдаланилган. “Панорама 1453” тарих музейининг асосий залидаги улкан панорамали расмда жуда кўп миқдордаги шакллар мавжуд. Шунинг учун ҳам уларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш осон бўлмаган. Ҳатто, шаҳар деворларининг вайрон қилинган қисмлари ва уларнинг ўлчамлари Истанбулнинг биринчи ҳокими Хизир Бейга шаҳар деворларини таъмирлаш бўйича тақдим этилган ҳисоботга кўра чизилган. Панорамали кўриниш 3 метр квадратли катта майдонга эга. Музейга ташриф буюрувчилар ва девордаги расмлар орасида тўплар, ўқлар, портловчи моддалар, қилич қутилари, бочкалар каби иллюзия кучини оширадиган эффектлар бор. Тўғри, музейнинг расмий сайтидан 360 даража панорамали тасвирни юклаб олиб, унинг қандай кўринишга эга эканини телефон ёки компьютерингиздан ҳам кўришингиз мумкин. Aммо шуни ёдда тутингки, буни ўз кўзингиз билан кўриб, муҳитни шахсан ҳис қилишингиз лозим.

“Панорама 1453” тарих музейининг кириш қисмида анъанавий музейни эслатувчи кўргазма ҳам ташкил қилинган. У ерда Истанбулнинг забт этилиши ҳақида маълумот берувчи уч босқичли хариталарни кўриш мумкин.

Шунингдек, бино ташқарисида вертолёт симулятори ҳам бор. Унинг ёрдамида симуляция қилинган парвозда Топкапи саройи, Бергама ва Эфесдаги қадимги юнон шаҳарлари, Aспендос, Каппадокия, Немрут тоғи, Улудаг, Босфор, Қиз қалъаси, Долмабаҳче саройи, Aё Софя, Султон Аҳмет каби турли жойларга виртуал саёҳат қилиш мумкин. 

Делегация аъзолари музей билан танишиб чиққач, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) "Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар" китоб альбомининг 10 та жилди “Панорама 1453” тарих музейи кутубхонасига Ўзбекистон номидан туҳфа этилди. Ўз навбатида мезбонлар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашди ва туҳфа этилган китоблар учун миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, “Панорама 1453” тарих музейи ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида қандай ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкинлиги ҳақида суҳбат бўлди. Хусусан, инновацион музей ташкил этиш, янги технологиялар ва усулларни қўллаш орқали музейларга ташриф буюрувчилар эътиборини жалб қилиш борасида ҳам фикр алмашилди. Таъкидлаш жоиз бундай ҳамкорликка қўшма лойиҳалар, кўргазмалар, таълим дастурлари ва музейшунослик соҳасидаги экспертлар билан тажриба алмашиш орқали эришиш мумкинлиги айтилди.

– Ўзбекистон билан биргаликда амалга оширган барча ҳамкорликларимиз ортидан Туркияга ташриф буюрувчилар сони рекорд даражага етди ва биз бундан жуда мамнунмиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг маданият, санъат ва спорт соҳаларига қаратаётган эътибори бизнинг ҳам диққатимизни жалб қилмай қолмади. Ўзбекистоннинг маданият, фан, спорт, цивилизация каби қатор соҳаларда эришаётган ютуқларини қизиқиш билан кузатамиз. Спортчиларингизнинг Олимпиада қўлга киритган шода-шода медаллари билан ҳам табриклаймиз. Айтишим керак, доим катта қизиқиш билан кузатиб борамиз, - деди 5 йилдан буён мазкур музейда директор бўлиб ишлаётган Meҳмет Aккaя. – Музейга келсак, унинг асосий қисмини қандай тарзда бойитиш мумкинлиги ҳақида бош қотирганмиз. Чунки, қўлимизда жуда муҳим султон Меҳмет Фотиҳ ҳикояси бор эди. Музей концепцияси устида ишладик, музокараларга эришилди. Чунки султон Меҳмет Фотиҳ ҳикояси биз учун жуда муҳим бўлган. Сўнг интерактив музей ташкил қилиш қарорида тўхталдик. Кейинчалик зарурий молиявий қадамларни қўйиб, музейнинг ҳозирги кўринишига эришдик. Ҳозирда дунёнинг энг катта кўргазмаси фақат бизда. 360 даража ва 2350 квадрат метрлик майдонда фаолият юритмоқдамиз. Ташриф буюрувчиларга ҳафтада 7 кун хизмат кўрсатамиз. Тасаввур қилинг, 140 метрга 20 метрлик экран. Унинг 360 даражага айлантирилганини тасаввур қиляпсизми, бу жуда машаққатли иш. Олдимизга қўйган мақсадимиз йўлида далил қадам ташлаб, унга эришдик. Ташриф буюрувчиларга султон Меҳмет Фотиҳнинг кимлигини тушунтира олдик. Аслида, музейнинг панорамали ҳудудига кирилганида султон Меҳмет Фотиҳнинг тушига шерик бўлиш мумкин. Яъни, ташриф буюрувчиларни 1450 йилнинг 29 май тонги қарши олади. Бу – панорамали мулоқот майдони. Чироқлар ўчгач, султон Меҳмет Фотиҳ билан бирга унинг ҳақиқий орзусига ҳамроҳ бўлинади. Унинг орзуси шу ерда амалга ошади ва чироқлар қайта ёниши билан султон Меҳмет Фотиҳнинг орзуси тугайди ва ташриф буюрувчи асл ҳақиқатни англайди. Уста томонидан  1481 йилда ясалган султон Меҳмет Фотиҳнинг медальони ҳам Туркияга олиб келинди. Бу медальон олти ойдирки шу ерда сақланмоқда. Неча йиллардан бери орзу қилинган медальон.

Учрашув давомида музей директори билан ҳамкорлик бўйича музокаралар ҳам олиб борилди ва ўзаро ҳамкорликнинг келгуси босқичлари муҳокама қилиди. Ҳамкорлик тарзида лойиҳалар амалга оширилишига келишилди.