"Араб ёзувининг таркибий хусусияти бизнинг қадимий ёзувларимизга жуда ўхшаш бўлиб чиқди"
Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан ўтказилган Ўзбекистон олимлари форумида тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов аждодларимиз араб ёзуви ва тилини ўзлаштириш йўлида катта қадам қўйгани ҳақида гапирди.
“Бизнинг минтақамизда салкам 20 хил алфавитли ёзув бор. Аслида тарихда алфавитли ёзувнинг пайдо бўлиши маданият даражасининг жуда юксак мартабасини белгилайди. Чунки алфавитли ёзув инсон нутқ товушини тушунишдан бошланади. Инсоннинг ҳар бир ажратиб айтилган нутқий товуши маъно беришини инобатга олиб, ҳар бир нутқ товушини ажратиб унга махсус белги ишланган. Бугун ана шу шартли белгилар "алифбе" деб айтилади.
"Алифбе" ёзувлари бизнинг ўлкамизда пайдо бўлганига бугун 2500 йил бўлди. Ана шу ёзув маданиятининг анъанаси ислом дини билан бирга араб ёзуви кириб келган. Ана шу вақтда араб ёзувининг таркибий хусусияти бизнинг қадимий ёзувларимиз билан жуда ўхшаш бўлиб чиқди. Бизнинг аждодларимиз араб ёзувини ўзлаштириш нафақат ёзувни, балки араб тилини ўзлаштириш йўлида жуда катта қадам қўйганлар.