Алломалар мероси вилоятлар бўйлаб тарғиб қилинмоқда
Жорий йилнинг 5 – 7 февраль кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари ходимлари томонидан буюк алломаларимиз илмий меросини кенг оммага тарғиб қилиш қилиш мақсадида Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Учрашувда «Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми», «Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш» ва «Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар» мавзусида маърузалар тингланди.
Шунингдек, «Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз» номли фильм намойиш этилиб, тадбир якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда бошқа илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.
Тадбир савол-жавобларга бой бўлди. Иштирокчилар, жонли маърузалар, айниқса, марказлар томонидан чоп этилган китоблар кўргазмасидан мамнун эканликларини билдиришди.
Фарғона водийси вилоятларидан бошланган тарғибот ишлари бутун юртимиз ҳудудлари бўйлаб давом этади.