Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарияти билан учрашув


Жорий йилнинг 10 октябрь куни Миср Араб Республикасининг дунёга машҳур “ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми Шайх Аҳмад Тоййиб бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. 11 октябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси биносида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбарияти олий мартабали меҳмонлар билан музокаралар ўтказдилар.

Учрашувда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази Ш.Миноваров сўзга чиқиб, Миср Араб Республикаси, хусусан “ал-Азҳар” билан алоқалар Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этиши, Ўзбекистон Раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилаётган Имом Термизий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг асосий мақсадлари ва вазифалари Термизий, Бухорий, Мотуридий, Ибн Сино, Фарғоний, Хоразмий, Беруний каби буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, келажак авлодлар учун сақлаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш, юртимизда ислом тамаддунини акс эттирадиган бебаҳо хаттотлик, саҳҳофлик, тасвирий ва амалий санъат асарлари ва осори атиқалари воситасида ислом дини – тинчлик, ижод, Аллоҳнинг буюк неъматлари – ҳаёт, тинчликнинг қадрига етишга, илм олишга чорловчи дин эканини кўрсатиб беришдан иборат эканини айтиб ўтди.

Шайх Аҳмад Тоййиб юртимизда амалга оширилаётган ислохотларни юқори баҳолаб, “ал-Азҳар” буюк алломалар юрти бўлган Ўзбекистон билан янада яқин алоқаларни ўрнатиш, шу мақсадларда таълим, илмий тадқиқотлар, халқаро анжуманларни ҳамкорликда амалга оширишдан мамнун бўлишини изҳор этди.