"Зиёрат туризмини ривожлантиришнинг долзарб масалалари" халқаро давра суҳбати
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров 28 апрель куни “Зиёрат туризмини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро давра суҳбатида иштирок этди.
Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Туризм ва спорт вазирлиги томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда мутасаддилар томонидан зиёрат туризмини ривожлантиришга оид муаммолар, долзарб вазифалар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди.
Шоазим Миноваров Ўзбекистонда кейинги йилларда диний-маърифий ҳамда миллатлараро тотувлик борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва унинг келгусидаги вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. Исломнинг “Олтин даври” деб номланган, VII-XIV асрлардаги маданий, иқтисодий ва илмий тараққиёт даврида марказий осиёлик олимларнинг ислом цивилизациясининг қўшган ҳиссалари алоҳида таъкидлади.
Мулоқотда Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, қатор фармон ва қарорлар асосида бу соҳадаги шарт-шароитлар яхшиланиб бораётгани, шунингдек, COVID-19 пандемияси туризм соҳасига ҳанузгача салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Умуман олганда, зиёрат туризми соҳасида бугунги ҳолат ва келгусидаги режалар муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати савол-жавоб ва қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати