Юксак маданият ва маърифат соҳиби


Том маънода зиёли инсон дунёнинг безаги бўлиб, ён-атрофдаги кишиларга ўз илми ва салоҳияти билан  манфаат келтириб яшайди, жамиятда ўз ўрнига эга бўлади. Бундай инсонлардан ёрқин хотира қолади ва одамлар унга ҳамиша ҳурмат бажо келтирадилар. Бу эса ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бундай юксак эҳтиром насиб этиш учун инсон чуқур билимлар соҳиби бўлиши, тинимсиз меҳнат қилиши,  ўз устида ишлаши ва олдига қўйган мақсадларига эришиш учун дадил ҳаракат қилиши зарур.

Асрлар давомида баркамол авлод тарбияси инсониятнинг энг ёрқин орзуси бўлиб келган. Ўтган барча улуғ мутафаккир аждодларимиз ўз асарларида ана шу ғояни изчил илгари суришган.

Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» асаридаги ғояни ёдга олсак, фозил инсон ўз юртининг барча қонун-қоидаларини яхши билади, унга амал қилади, фикрлайди, ўз касбини ардоқлайди, лозим бўлганда Ватани учун жон фидо этади.

Ана шундай фидоий аждодларимиздан бири машҳур Муфтийлар сулоласи вакили, Шайх Эшон Бобохон ҳазратларининг набираси, Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг ўғиллари  Шамсиддинхон  Бобохоновдир.

Шу ўринда фалсафа фанлари доктори, профессор Саидмухтор Саидқосимовнинг  муфтийлар сулоласи ҳақида ёзган “Улуғ инсонлар маънавияти” китобидан иқтибос келтиришни лозим топдик:

“У киши(Ш.Бобохонов)нинг эътиборни тортувчи хусусиятларидан бири, назаримда, очиқ чеҳрасидан, атрофга майин назар ташловчи кўзларидан нур таралиб, ҳар бир кўришган, учрашган одамни ўзига қаратар эди. Улар билан мулоқотда бўлган кўплаб суҳбатдошларда айни шундай таассурот ёдда қолган.”  

Мана шу сатрлар бу улуғ инсоннинг одамийлиги, юксак маданияти  ва самимийлигини яққол намоён этади.

Шамсиддинхон Бобохонов 1937 йилда Тошкент шаҳрида, таниқли дин арбоблари Эшон Бобохоновлар оиласида дунёга келган. Устоз Шамсиддинхоннинг ҳар томонлама етук, илм-маърифатли ва юксак салоҳият соҳиби бўлиб етишишида ана шу муборак хонадондаги маънавий муҳитнинг таъсири катта бўлган. Ёшлигидан диний ва миллий қадриятлар эъзозланган оилада тарбия топиши, илмий ва маърифий суҳбатларда иштирок этиши, диний уламоларнинг ёнида бўлиб, улардан одоб-ахлоқ намуналарини ўрганиши ёш фарзанднинг онгу шуурига илмга, маърифатга бўлган муҳаббатини оширади.   

1955 йилда Шамсиддинхон ўрта мактабни битириб, Тошкент Чет тиллар институтининг инглиз тили филологияси факультетига ўқишга киради. Институтни аъло баҳолар билан тамомлагач, 1961 йили СССР ФАда Шарқшунослик институти қошидаги аспирантура бўлимида ўқишни давом эттиради ва шу ерда араб тилига қизиқиб, бу тилни мукаммал ўрганади. Араб тилини яхши ўзлаштирганлиги боис, 1962 йилда у Москвада янги ташкил этилган Иттифоқ мусулмонлар ташкилотлари халқаро алоқалар бўлимида ишлай бошлайди.

Ш.Бобохонов 1963-1966 йиллари Миср Араб республикасида таҳсил олади. Ушбу давр  тафсилотларини профессор С.Саидқосимов ўз китобида шундай ифода этади:  

Араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Ш.Бобохонов Қоҳира университетининг “Дар ал-Улум” — араб филологияси факультетига бириктирилган. У бутун вужуди билан ўқишга берилиб, ўша даврда машҳур Миср ёзувчиси ва тарихчи олими, замонавий араб адабиётининг асосчиларидан бири Тоха Ҳусайн (1889-1973) томонидан эндигина ташкил қилинган классик араб филологияси кафедрасида ўз тадқиқотларини бошлаган ва бу моҳир педагогнинг сермазмун лекциялари, фойдали суҳбат ва маслаҳатларидан баҳраманд бўлган...

1963-1966 йиллар давомида Қоҳирада муттасил ўқиш жараёни ёш тадқиқотчининг нафақат араб тилининг бойишига, айни пайтда унинг диний билимлари ҳам кенгайиб, исломий эътиқоди кучайишига кучли туртки берган.

1964 йили Миср Олий таълим вазирлиги совет тадқиқотчиларининг исломга бўлган катта қизиқишларини ҳисобга олиб, уларнинг бир гуруҳини ҳам лисоний, ҳам диний билимларини чуқурлаштириш мақсадида Ал-Азҳар университетига йўллаган. Шамсиддин ака учун бу айни муддао эди. Бошиданоқ ўз вақтини тўғри режалаштириб, бу масканнинг ҳам катта илмий салоҳиятидан унумли фойдаланиб қолиш падари бузрукворининг бош маслаҳатларидан бири эди”.

Ал-Азҳардаги таҳсилини муваффақиятли тугатгач, 1966 йили у яна Москвага қайтади ва  отаси Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг содиқ ёрдамчисига айланади: хорижий мамлакатлар мусулмонлари билан халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш ишларида фаол иштирок этади.

Айнан, шу даврларда Шамсиддинхон Бобохонов мамлакатнинг  йирик шарқшунос ва тилшунос олимлари билан илмий мулоқотларда бўлади ва бу суҳбатлар унинг ҳаётида ўчмас из қолдиради. Ана шу мулоқотлар самараси таъсирида 1973 йилда у Москвада “Араб тилида иккиланган сонлар категорияси” (“Категория двойственных чисел в арабском языке”) мавзусидаги номзодлик диссертациясини ёқлайди.

Ўз илмий салоҳиятини ошириб 1974 йилда Ўзбекистонга қайтган Шамсиддинхон Бобохонов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти проректори бўлиб иш бошлайди. Топширилган вазифаларга масъуллик билан ёндошуви, илмий салоҳияти ва устозлик кўникмалари юксак даражада намоён бўлганлиги боис, бир йилдан кейин у институт ректори этиб тайинланади.

Институтда ишлаган кезларида унинг ташкилотчилик қобилияти ғоят иш берди. У институтнинг моддий-техникавий асосини ва илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Турли мамлакатлардаги диний ўқув юртлари, тадқиқот марказлари ва ташкилотлари билан яқин алоқалар ўрнатиб, ўқув даргоҳини мунтазам ривожлантирди. Талабаларга дарс бериш учун энг моҳир, тажрибали дин олимлари, шарқшунос ва тилшуносларни ишга таклиф этди. Диний ўқув юртлари талабалари учун дарслик ва қўлланмалар чоп эттирди. У Ўрта Осиёлик ва хорижий олимларнинг илмий китобларини чуқур ўрганиб, уларнинг таржималарини нашр қилди. Айнан, шу йилларда ислом дунёси олимлари орасида Шамсиддинхон Бобохонов йирик олим ва дин арбоби сифатида юксак эътирофга сазовор бўлди.

1982 йилдан 1989 йилга қадар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси бўлиб хизмат қилган Шамсиддин Бобохонов   халқаро хорижий анжуманларнинг ташкилий қўмиталарига аъзо бўлиб, уларнинг ишида фаол қатнашди. Маърузаларида мусулмонларни халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга, мутаассиблик ва террорчилик ва зўравонликка қарши курашга чақирди.

Шамсиддинхон Бобохоновнинг Бутунжаҳон Тинчлик Кенгаши, Масжидлар бўйича Бутунжаҳон Олий Кенгаши, Осиё ва Африқа халқлари бирдамлиги Совет қўмитаси ва Тинчликни ҳимоя қилиш қўмиталарига, Совет ва Ўзбекистон Тинчлик жамғармалари каби қатор бутунжаҳон, халқаро ва республика миқёсидаги ташкилотларга аъзо қилиб сайланиши унинг эзгу хизматлари кенг эътироф этилганининг далилидир. У маърифий-маънавий соҳадаги ишлари учун Абу Али ибн Сино номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлган, 1985 йили Иордания Қироллик академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. Халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун “Халқлар дўстлиги” ордени билан мукофотланган. Шунингдек, кўп мамлакатларнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик нишонлари билан тақдирланган.

Шамсиддинхон Бобохонов истеъдодли ташкилотчи сифатида масжидларни, меъморий ёдгорликларни таъмирлаш, майдонларни ободонлаштириш, диний-илмий китобларни нашр эттириш борасида ибратли ишларни амалга оширган. У 1985 йилда Қозон шаҳрида Қуръони каримни нашр этиш бўйича ташкил этилган кенгашга раҳбарлик қилди. Шунингдек, унинг раҳбарлиги остида “Совет Шарқи мусулмонлари” таҳририяти учун махсус янги бино қуриб битказилди, диний идорага қарашли кутубхона жамғармаси бойитилди.

Шамсиддин Бобохонов кейинги фаолиятини алломалардан мерос қолган муборак қўлёзмаларни тадқиқ қилишга бағишлади. У 1989-1994 йилларда   ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ишлайди. Унинг муаллифлиги ва иштирокида Қуръони карим 30-порасининг ўзбекчага маънолари таржимаси, Имом Бухорийнинг “Адаб дурдоналари” китобининг таржимаси, “Машҳур ҳадис шарҳловчилари”, “Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи”, “Сўнмас зиё”, “Буюк муҳаддислар халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик ҳақида”, “Советлар мамлакатида Ислом ва мусулмонлар”, “Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон”, “Минг бир фатво”, “Амир Темур ва Темурийлар ҳақида Миср кутубхоналарида сақланаётган манба ва қўлланмалар фиҳристи” каби кўплаб илмий ва оммабоп китоблар, рисолалар ва мақолалар нашр этилган.

Истеъдодли олим истиқлолимизнинг илк даврида ўзбек дипломатиясининг муносиб вакили сифатида намоён бўлди. У 1994-2001 йилларда Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони ҳамда ўриндошлик асосида Жазоир, Иордания, Қувайт ва Баҳрайн давлатларидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб ишлади. Бу эса, ўз навбатида, инсондан юксак масъулият ва кучли заковатни талаб этадиган вазифа эди.

Ш.Бобохонов бу вазифасини юксак даражада адо этиб, бутун араб дунёсидаги давлатларнинг Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса  қўшди. Бунда унинг араб ва инглиз тилларини мукаммал билиши, араб дунёсида Бобохоновлар сулоласининг обру-эътибори юқори даражада эканлиги  ҳамда шахсий сифатлари жуда қўл келди.

Йирик олим Тошкентга қайтгач, бутун кучи ва вақтини севимли ишига — янги илмий асарлар яратишга қаратганлиги зиё аҳли учун қувонарли янгилик эди. Кейинчалик кетма-кет эълон қилинган илмий-тарихий асарлар, нафақат кўп сонли дўстлари, шогирдлари, балки миллионлаб ўқувчилар учун Бобохоновдан доимий эсдалик бўлиб қолди.

Улуғ инсон, исломшунос олим ва моҳир дипломат Шамсиддинхон Бобохонов  2003 йил 15 апрелда вафот этди. У киши Тошкентдаги Ғойибота қабристонига, сулола хилхонасига дафн этилди.

Ўзбекистон дея аталган буюк маъводан етишиб чиққан бундай зотлар ҳаёти ва фаолияти ҳали кўп замонлар авлодларга ибрат ва намуна бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.

Муҳаммадиев Фахриддин Мисриддинович

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи

тел: 90 991 42 63