ЮКСАК ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНГАН БИР ГУРУҲ ДИНИЙ СОҲА ХОДИМЛАРИ ХАЛҚАРО КОНГРЕСС ИШТИРОКЧИЛАРИ ТОМОНИДАН ҚУТЛАНДИ
ЮКСАК ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНГАН
БИР ГУРУҲ ДИНИЙ СОҲА ХОДИМЛАРИ
ХАЛҚАРО КОНГРЕСС ИШТИРОКЧИЛАРИ ТОМОНИДАН ҚУТЛАНДИ
Хабарингиз бор, 23-26 август кунлари Самарқанддаги Silk Road марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамкорлигида “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” мавзуидаги VIII халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда.
Халқаро конгрессда 35 та давлатдан 300 га яқин машҳур олимлар, етакчи экспертлар, таълим муассасалари ректорлари, музей, кутубхона директорлари, халқаро ташкилотлар вакиллари билан бир қаторда, юртимизнинг етук олимлари, академиклар, уламолар, диний соҳа вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Аҳамиятлиси, халқаро анжуманда қатнашаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимлари куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ мукофотлангани конгресснинг хорижий иштирокчилари томонидан юксак мамнуният билан кутиб олинди.
Шу муносабат билан, «Имом Бухорий» ордени билан тақдирланган Бухоро вилояти бош имом-хатиби Элов Жобир Рустамович, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Усманов Рахматилло Ахматович, Фарғона вилояти бош имом-хатибининг ўринбосари Наимов Алишер Абдурашидович, шунингдек Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Салиев Хабибулло Исмаилович халқаро конгресс иштирокчилари томонидан қутланиб, бундай тадбирлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканини эътироф этдилар.