Яна саховат тўғрисида:


   Ушбу инсоний фазилат асрлар мобайнида мақтовларга сазовор бўлиб келмоқда. Хотам Тойи тўғрисидаги қиссалар мана неча асрлардан бери мусулмон оламидаги барча халқлар маънавий-маърифий хазинасида сақланиб келмоқда. Бугун саховатпеша юртдошларимиздан бири - товуқ фермасининг соҳиби бир ҳафталик тухум заҳирасини ёрдам фондига беришга қарор қилганини эшитиб қолдим. Айтишларича, унинг олдига доимий мижозлари келиб, тухумни арзонроқ сотишни илтимос қилишган. Шунда у нега кейинги кунларда мижозлар маҳсулотни арзон нархда олишга уринаётганлар сабабини сўраган. Тижоратчи мижозлар, тухумни аҳолига ёрдамга олаётганларини маълум қилишган. Таъсирланиб кетган фермер омбордаги бир ҳафталик захирани харидорларга бепул топширган ва ёрдам фондига топширишни сўраган. Воқеани эшитиб қаттиқ таъсирландим. Қуръони Каримдан қуйидаги оятларни саховатпеша юртдошларимиз эътиборига ҳавола қилишга ботиндим:
     Бисмиллаҳир Роҳманир Раҳийм:
"...Аллоҳ таоло сизларнинг Худо йўлида қилган нафақаларингиз эвазига гуноҳларингизни мағфират қилишни, нафақа қилган молларингизни бир неча баробар кўпайтириб беришни ваъда қилади. Аллоҳ таолонинг бандаларига марҳамати жуда кенгдир, аҳволларини билгувчидир" (Бақара, 268-оят).
"Эй, мўминлар! Агар садақаларингизни ошкора берсангиз ҳам яхши бўлади, чунки сизлардан бошқалар ҳам ўрнак олади. Ва агар фақирларга пинҳона берсангиз ҳам, сизлар учун яхшидир, чунки риёдан холидир. Аллоҳ таоло бу садақаларингизни гуноҳларингизга каффорат қилади. Аллоҳ таоло қилган амалларингиздан хабардордир" (Бақара, 271-оят). Барча хайрия қилаётганлар, ҳадя бераётганлар, ёрдам қўлини чўзаётганларга Яратган Раббимизнинг мукофотлари бўлсин! Инсоният олдида турган балони барча ўлкалардан ва юртимиздан уни тезроқ даф қилсин!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваров