Холид Халифа ал-Каъбий бошчилигидаги делегация ташриф буюрди


   Жорий йилнинг 2 март куни “Мусулмон жамиятлари халқаро кенгаши” бош директори Холид Халифа ал-Каъбий ва унинг ҳамроҳлари  Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар.

   Меҳмонларга юртбошимиз ташаббуси ва ғояси асосида қад кўтараётган ушбу марказнинг барпо этилиш тарихи, мақсади ва вазифалари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Жумладан, Исломнинг олтин даври – Биринчи Марказий Осиё Ренессанси ҳамда Темурийлар (Иккинчи) Ренессанси даврида Мовароуннаҳр ҳудудида амалга оширилган илмий кашфиётлар, ёзилган асарлар, барпо этилган муҳташам иморатлар, бебаҳо санъат асарлари намуналарини тарғиб қилиш воситасида ислом динининг илм, ижод ва инсонпарварлик дини эканини кўрсатиб бериш, жамият аъзолари, айниқса, ёшларга етказиш экани қайд этилди.

    Холид ал-Каъбий ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот ҳам, жумладан, “Чегара билмас устозлар” тизими воситасида дунёда таълимни ривожлантириш, модернизациялаш, янги технологияларни олиб киришда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларига ёрдам бераётганини маълум қилди. Томонлар ёш мутахассисларнинг шаклланишларида диний ва дунёвий таълим ҳамда тарбия масалалари, ҳар бир мамлакат учун хос бўлган мазҳаб, анъанавий одатлар, албатта, ҳисобга олиниши зарурлигини таъкидладилар.

   Учрашув иштирокчилари БАА ва Ўзбекистон Раҳбарияти, ҳукуматлари ва халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик ҳамда ҳамкорлик муносабатлари янги даражага кўтарилаётганидан мамнуният изҳор қилдилар. Ушбу ҳамкорликни янада самарали бўлишига ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини билдирдилар.