"Халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда халқ дипломатиясининг аҳамияти" мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди


Жорий йил 23 август куни Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан “Халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда халқ дипломатиясининг аҳамияти” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Мазкур  семинар Ўзбекистон Республикасида терроризмга қарши кураш Миллий стратегияси ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган бўлиб, унда кўплаб илмий-академик доиралар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро Муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутахассислари маъруза ва таклифлар билан иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад - экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишини олдини олишда халқ дипломатияси усулларидан кенгроқ фойдаланиш, ёшларда ватанпарварлик ва юртга садоқат туйғуларини шакллантириш, яхши қўшничилик, бағрикенглик, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш ғояларини илгари суришдан иборат.

Тадбирда Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори У. Маҳмудов “Маданиятлараро диний саводхонлик ва глобал хавфсизлик масалалари” мавзусида маъруза қилди ҳамда семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.

 Хусусан, У.Маҳмудов ўз маърузасида миллатлараро, динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйишда халқ дипломатияси механизмларидан унумли фойдаланиш орқали жамиятдаги носоғлом муҳитнинг шаклланишини олдини олиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўз чиқишларида тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилишини ва шу нуқтаи-назардан, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги замонда халқимизда, айниқса, ёшларда миллий ғурур, ифтихор, туйғусини, янада чуқурроқ шакллантириш, ёт ғоялардан сақловчи мафкуравий иммунитетни шакллантириш Янги Ўзбекистон келажагига нисбатан ўз маъсулиятини ҳис этган барча юртдошларимизнинг муҳим вазифаси бўлиб қолишини таъкидладилар.