"Халқаро ҳамкорликнинг янги қадами"


    Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси томонидан ташкил этилган дастур доирасида жорий йилнинг 14 октябрь куни Германиянинг Оснабрук университети Ислом теологияси институтининг доктор Жўшкун Саглам бошчилигидаги ўқитувчи ва талабаридан иборат делегацияси (жами 32 нафар) Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюрди. Делегация  Марказ директори ўринбосари Ф.Ҳалимов ва бўлим бошлиғи А. Тураходжаев томонидан қабул қилиндилар. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзининг халқаро алоқалари кўламини ошира бораётгани аҳамиятлидир. Бу ўринда Германиянинг турли илмий ташкилотлари билан ўрнатилаётган ҳамкорлик алоқаларини алоҳида қайд этиш лозим. Ўтган ойда Германиянинг Мюнстер университети илмий маркази билан алоқа ўрнатилган эди.

    Меҳмонлар билан ўзаро саломлашувдан сўнг ҳайъат бошлиғи д-р Жўшкун Саглам ўз институти тўғрисида,  теология, хусусан исломшунослик бўйича олиб борилаётган ишлар борасида қисқача маълумот берди. Сўнгра ҳайъат аъзолари кимлардан иборат экани, сафардан мақсад тўғрисисида сўзлади. Шунингдек у мезбонларга бу қабул учун раҳбарияти, ҳайъат аъзолари ва ўзи номидан миннатдорчилик билдирди.

  Меҳмонларга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилишидан кўзланган мақсад, олдига қўйилган катта вазифалар ва истиқболда олиб борадиган фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Президент Ш.Мирзиёевнинг БМТ катта минбаридан туриб тинчликсевар ва бағрикенг ислом дини туғри қоралашлардан, ёд ғоя ва фикрлардан ҳимоя қилиш муҳимлиги ҳақидаги мурожаатлари ҳақида эслаб ўтилди. Марказ директори ўринбосари бугунги учрашув истиқболдаги алоқалар учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши ва Марказнинг Оснабрук каби университетлар билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканига алоҳида урғу берди ва бунинг учун Ўзбекистон томони ҳамкорлик меморандуми имзолашга тайёрлигини таъкидлади. Учрашувда марказ тақдимоти намойиш этилди ва меҳмонларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.

 

Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати.