Халқаро ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда


   Жорий йилнинг 23 январь куни Бухоро шаҳрида иш бошлаган Ўзбекистон-Саудия бизнес форуми доирасида Қирол Файсал номидаги Ислом тадқиқот ва изланишлар маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. 

   Қирол Файсал номидаги Ислом тадқиқот ва изланишлар маркази Бош котиби Сауд ал-Сархан Саудия томони Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизация маркази лойиҳасидан хабардор ва мамнун эканлиги, марказ билан ҳамкорликка ихтиёр ва қизиқиш юқорилигини таъкидлади. Айни пайтда Қирол Файсал номидаги Ислом тадқиқот ва изланишлар маркази Ўзбекистондаги исломга оид нодир қўлёзмаларни ҳамкорликда тадқиқ қилиш, уларни рақамлаштириш ва нашр этиш, шунингдек Ислом цивилизацияси маркази кутубхона фондини рақамлаштириш мақсадида замонавий жиҳозлар ўрнатиш масалаларида ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтиб ўтди.

  Томонлар диний-маърифий мерос ва қадриятларни тадқиқ ва тарғиб қилиш борасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама манфаатли бўлиши, икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ҳамда дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирдилар.