Хабар.Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди


    3 март куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Н. Назарбоев номидаги динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш маркази раҳбари Б.С.Сарсенбаев ҳамда марказнинг Услубий ишлар бошқармаси бошлиғи Д.Б.Есенова Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

   Марказ директори Ш. Миноваров меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган марказ биноси лойиҳаси, унинг асосий фаолияти ва истиқболдаги режалари билан таништирди.

  Н. Назарбоев маркази раҳбари Б.Сарсенбаев ҳам ўз навбатида Қозоғистонда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўзлаб, мазкур марказ Қозоғистон Президенти Қ.Ж.Тоқаев ташаббуси билан очилганлигини ҳамда унга биринчи президент Н.Назарбоев номи берилганлигини таъкидлаб ўтди. Марказ раҳбари икки турдош ташкилотнинг мақсадлари уйғун эканлигига урғу бериб, келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада юқори даражага олиб чиқиш учун Ҳамкорлик Меморандумини имзолашни қўллаб-қувватлашини билдирди.

  Учрашув давомида икки ҳамкор ташкилотнинг муштарак мақсадларини биргаликда амалга ошириш белгиланган Меморандум имзоланди.

   Меморандум доирасида марказлар қўшма лойиҳалар, конференция ва симпозиумлар, кўргазмалар ташкил қилишга, ҳамкорликда мақолалар нашр қилишга ҳамда илмий ходимлар алмашинувини амалга оширишга келишиб олдилар.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати