Хабар
18 октябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда “21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан мактаб ўқувчилари ўртасида “Келажак – менинг тасаввуримда” ижодий кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Танловда Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари мактаб ўқувчилари, ўқитувчилари ҳамда устозлар иштирок этишди. Улар томонидан тақдим этилган мавзуга оид ижод намуналари асосида кўргазма ташкил этилди.
Тадбир аввалида марказ директори Ш.Миноваров сўзга чиқиб, ўқувчиларнинг танловга тақдим этган ижодий ишларидан мамнун эканлигини ва мазкур тадбирлар уларнинг келажакдаги орзу ниятларига эришишларида биринчи қадам бўлиб хизмат қилишини ва бу йўналишда марказ келгусида бундай тадбирларни мунтазам ўтказиб боришини таъкидлади.
Тадбир доирасида Марказнинг моҳир хаттотлари ва муқовасозлари томонидан маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.
Мактаб ўқувчилари ўртасида эълон қилинган “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” мавзусидаги иншолар кўрик танлови ҳамда расмлар танловида ғолиб бўлган иштирокчиларга сертификат ва эсдалик совғалар топширилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати