Хабар
16 июнь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Муфтий Бобохоновлар сулоласи шахсий фондида сақланаётган ёзма ва босма асарлар, тарихий ҳужжат ва фотосуратларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси фондига қабул қилиб олишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Марказ директори Шоазим Миноваров ҳамда Бобохоновлар сулоласи вакиллари иштирок этишди.
Марказ директори Шоазим Миноваров маърифий тадбирни очиб бериб, охирги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада улкан ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этилаётгани ана шу ишларнинг ёрқин кўриниши экани, Марказдаги музейнинг ҳар бир таркибий қисмини алоҳида муассаса дейиш мумкинлиги, унда Муфтий Бобохоновлар сулоласи ҳаёти ва фаолиятига бағишланган алоҳида қисм бўлиши ҳамда тақдим этилган ноёб туҳфалар ушбу жойдан ўрин олиши ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Шунингдек, тадбирда М.Комилов, Н.Холиқназаров, Д.Мақсудов, Шайх Абдулазиз Мансур ҳамда Бобохоновлар сулоласи вакиллари А.Усмонхўжаев ва Ж.Шамсиддинхон ўғиллари сўзга чиқиб, муфтийлар сулоласининг юртимиздаги маънавий – маърифий соҳа, айниқса, диний соҳа ривожига қўшган беқиёс хизматлари ҳақида, уларнинг ҳаёти ва қолдирган улкан маънавий мероси ҳақида йиғилганларга ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор этишди.
Тадбир сўнгида Бобохоновлар сулоласи шахсий фондида жамлаган ёзма ва босма китоблар, тарихий ҳужжат ва фотосуратлар Марказ кутубхонаси ва музейи фондига беғараз тақдим этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Матбуот хизмати