Хабар


14 май куни Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказиладиган "Декларациялар мулоқоти форуми"да иштирок этиш учун юртимизга келган Ислом олами уюшмасининг Халқаро кўмак, фаровонлик ва ривожланиш ташкилоти Бош котиби Доктор Абдулазиз Сархан ҳазратлари Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилишига ташриф буюрди. Марказ, унинг вазифалари ва мақсади тўғрисида батафсил маълумот олган юқори мартабали меҳмон мақсади ислом маърифатини тарқатиш, аждодлар меросини сақлаш ва ислом динининг асл тинчлик ҳамда бунёдкорлик, инсонийлик мазмуни-моҳиятини тарғиб қилиш бўлган ушбу маҳобатли лойиҳани юқори баҳолади. Ўзбекистон Раҳбарининг оламшумул ташаббуслари халқаро ҳамжамиятнинг эътирофларига сазовор бўлаётганини таъкидлади. Доктор Сархан Ислом цивилизцияси маркази ишга тушгач, дунёнинг барча юртларидан, жумладан Саудия Арабистонидан зиёратчилар сони кескин ошишига ишонч билдирди. Энг қийин замонларда дини ва эътиқодини сақлай олган ўзбек халқига Аллоҳ мана энди мукофотларини бера бошлади, дея юртимизда диний-маърифий соҳадаги ўзгаришларни баҳолади. Меҳмон Марказ кутубхонасига шахсий кутубхонасидан китоблар тақдим қилажагини ва ҳар икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилишига барча чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилди.