Хабар.
8 ноябрь куни Австрия Республикасининг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэл Линхарт Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонни Марказ директори Шоазим Миноваров кутиб олди ҳамда сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги кенг ислоҳотлар, ташкил этилган халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳамда қурилиш жараёнлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Австриялик оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Австрия Республикасининг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэл Линхарт халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш борасида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.
Марказ директори Шоазим Миноваров австриялик оммавий ахборот воситаларининг саволларга жавоб берар экан, кўп миллатли ва кўп конфессияли мамлакатимизда турли динлар вакилларига яратилган тенг шароитлар, халқимизнинг ислом дини билан боғлиқ маданий, илмий ва маънавий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди.
Тадбир самимий ва дўстона муҳитда бўлиб ўтди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати