Хабар.


2021 йил   12 октябрь  куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан мусулмон хуқуқшуноси, Уструшана - ҳозирги Жиззахдан етишиб чиққан буюк аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг "Жомиъ аҳком ас-сиғор" (Бола ҳуқуқлари кодекси) асарининг ўзбек тилидаги илк нашри тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот   Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Шарқшунослик университети билан ҳамкорликда  ташкил этилди. Унда  Марказ ва Халқаро ислом академияси олимлари, Шарқшунослик университтети  раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ёш тадқиқотчилар   ҳамда ОАВ ходимлари  иштирок этишди.

Тақдимот тадбирида сўзга чиққан Шарқшунослик университети ректори Г.Рихсиева, Марказ матбуот хизмати раҳбари Ф.Муҳаммадиев, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси профессори И.Бекмирзаев, Тошкент шаҳар бош имом – хатиби  ўринбосари А.Юнусовлар алломанинг беқиёс асари сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш, ўрта асрларга оид шарқ қўлёзма манбаларини тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш бўйича амалга оширилаётган халқаро аҳамиятга эга ислоҳотларнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлаб, у жамиятимизда қарор топган ҳанафий мазҳабининг инсонпарварлик, бағрикенгликка асосланган мўътадил таълимотининг аҳамиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонч  билдиришди.

Таржима муаллифи М.Атаев асар таржимаси қандай амалга оширилгани, унинг қўлёзма нусхалари қайси жаҳон кутубхоналарида сақланиши ва алломанинг бошқа асарлари номларини келтириб ўтди. Шунингдек, келгусида мазкур аждодимизнинг бошқа асарларини ҳам таржима қилишини билдирди.

Тақдимот мавзуга оид  савол ва жавоблар билан якунланди. 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати