Хабар.
22 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан мусулмон хуқуқшуноси, Уструшана - ҳозирги Жиззахдан етишиб чиққан буюк аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг "Жомиъ аҳком ас-сиғор" (Бола ҳуқуқлари кодекси) асарининг ўзбек тилидаги илк нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Марказ ва Халқаро ислом академияси олимлари, Молия институти, Ҳуқуқшунослик институти, Ахборот технологиялари институти ва Ислом академияси талаба ва ўқитувчилари, ёзувчилар уюшмаси аъзолари, илмий тадқиқотчилар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тақдимот тадбирида сўзга чиққан Марказ матбуот хизмати раҳбари Ф.Муҳаммадиев, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси профессори З.Мунавваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари О.Муҳаммадиев, таржима муаллифи М.Атаев асар таржимаси ва унинг устида олиб борилган тадқиқот ҳақида, мазкур асарнинг нафақат ислом ҳуқуқшунослиги балки, жаҳон ҳуқуқшунослиги учун аҳамияти муҳим эканлигини таъкидлаб, келгусида аждодларимизнинг бу каби бебаҳо асарлари устида илмий тадқиқотлар изчил давом этирилишини билдирди.
Тақдимот мавзуга оид савол ва жавоблар билан якунланди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати