Хабар.
2021 йил 8 сентябрь куни Гулистон шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан мусулмон хуқуқшуноси, Уструшана - ҳозирги Жиззахдан етишиб чиққан буюк аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг "Жомиъ аҳком ас-сиғор" (Бола ҳуқуқлари кодекси) асарининг ўзбек тилидаги илк нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан ташкил этилди.
Тақдимот тадбирига ташриф буюрган марказ матбуот хизмати раҳбари Ф.Муҳаммадиев, “Бола ҳуқуқлари кодекси” асари таржимони ва уни нашрга тайёрлаган олим М.Атаев ҳамда “Фан зиёси” нашриёти муҳаррири М.Полвонов мазкур асарнинг беқиёс илмий аҳамияти ва унинг бола ҳуқуқлари соҳасида барча ҳуқуқшунослар ҳамда тадқиқотчилар учун дастуруламал бўлишини таъкидлаб, келгусида Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган барча илмий – тадқиқот марказлари, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шундай буюк аждодларимиз асарларини халқимизга тақдим этишда бардавом бўлишини билдиришди.
Вилоят касаба уюшмаси мажлислар залида бўлиб ўтган анжуманда Сирдарё Давлат университети профессор - ўқитувчилари, талабалар, вилоят ёзувчилар уюшмаси аъзолари, вилоят фахрийлари ва маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тадбир доирасида Гулистон шаҳрида муҳтарам Юртбошимиз томонидан ташкил этилган ҳассос шоира Ҳ.Худойбердиева номидаги ижод мактабида ҳам тақдимот бўлиб ўтди.
Ижод мактаби раҳбари шоир Муҳаммад Исмоил тадбир иштирокчиларига мактаб фаолияти ва унинг келгусидаги режалари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Сирдарё вилоятидаги барча мулоқотлар маҳаллий ОАВ томонидан тасвирга олинди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати