Хабар.


Жорий йилнинг 17 июнь куни Эрон Ислом Республикаси Форс тили ва адабиёти академияси директори ўринбосари М.Р.Нассири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директор ўринбосари Ф.А.Ҳалимов томонидан қабул қилинди.

Ўзаро саломлашувдан сўнг, Ф. Ҳалимов эронлик меҳмонни ташриф билан қутлаб, ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намоёндаси, буюк саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига оид олиб бораётган илмий изланишлари учун М. Нассирига алоҳида миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг, Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, таркибий тузилмаси, бўлимлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтдилди. Жумладан, ИЦМ таркиби катта ҳудудни эгаллаган музей ва кутубхона, конгресс зал ва Халқаро ислом академиясининг юқори курс академиклари учун ўқув даргоҳини қамраб олишини, бугунги кунда Марказ биноси тўлақонли қуриб битказилмаган бўлса-да, илмий фаолият аллақачон бошлаб юборилгани таъкидланди. Бундан ташқари, Ф.Ҳалимов Марказнинг халқаро фаолиятига урғу қаратиб, дунё бўйлаб 20га яқин турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини айтиб ўтди.

М.Нассири ўз навбатида Марказ раҳбариятига қабул учун ташаккур изҳор қилди ҳамда илмий фаолияти, Ўзбекистонга ташрифи тўғрисида сўзлаб берди. Маълум бўлишича, М.Нассири ҳозирга қадар З.М.Бобур ҳаётига бағишланган ўндан ортиқ асарлар, илмий ишлар ва рисолалар муаллифи ҳисобланади. М.Нассири ҳозирда З.М.Бобурга бағишланган янги китоб устида ишлаётгани ҳақида сўзлаб берди. Мазкур жараённинг бир қисми сифатида олим З.М.Бобур ихтиро қилган «Хатти Бобурий» алифбосида битилган дея тахмин қилинаётган Қуръони Карим устида ишлаётгани ҳамда илмий таққос учун З.М.Бобур ушбу алифбода ёзган фармонлари, мактублари каби тарихий далилларни қидираётганини айтиб, Марказ кутубхонасида шундай қўлёзмалар мавжудлиги тўғрисида сўради.

Ф.Ҳалимов айни дамда Марказ кутубхонасида «Хатти Бобурий»да битилган далиллар йўқлигини таассуф билан билдириб. Бу масала бўйича янгилик бўлса хабар беришни маълум қилди.

М.Нассири Эрондаги “Гулистон саройи” музейида сақланаётган эски ўзбек тилида форсча таржимаси билан кўчирилган “Бобурнома” нусхасини факсимил шаклда ИЦМ музейига тақдим қилишини билдирди.

Учрашув юзасидан томонлар қуйидагиларга келишиб олдилар:

  1. Марказ ҳамда Эрон Форс тили ва адабиёти академияси ўртасида Англашув Меморандумини имзолаш;
  2. М.Нассирининг Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган китоби нашрдан чиққач, тақдимотини Ўзбекистонда ҳам ташкил қилиш;
  3. Илмий йўналишда ҳамкорлик фаолиятини йўлга қўйиш.

Учрашув сўнггида М. Нассири қабул учун яна бир бор миннатдорчилик билдиришиб, Марказ фаолиятига улкан муваффақиятлар тилади.