Хабар.
5 апрел куни юртимизга расмий ташриф билан келган Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф жаноби олийлари Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдончасига ташриф буюрди.
Эрон ташқи ишлар вазирига Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини яратишдан мақсад, ушбу муассасага юкланган вазифалар тўғрисида атрофлича маълумот тақдим қилинди. Меҳмон Марказнинг мақсад ҳамда вазифалари ва умумий концепциясини маъқуллади. Барча мусулмон мамлакатларининг умумий мероси бўлган Бухорий. Термизий. Ибн Сино, Хоразмий, Беруний, Фарғоний ва Улуғбеклар меросини сақлаш ҳамда айниқса ёш авлодга тақдим қилиш ғоясига ижобий баҳо берди.
Эронлик кошин усталари ва хаттотлари ҳамкорликка тайёр эканликларини маълум қилди. "Марказ ва унга сингдирилган олижаноб ғоялар ислом дини аҳкомлари ва зўравонлик ғоялари бир-биридан нақадар узоқ эканлигини кўрсатиб беришга хизмат қилади. Тошкентдаги Ислом цивилизцияси марказининг очилиш маросимида иштирок этишни ўзим учун катта шараф, деб ҳисоблаган бўлардим", - деди Муҳаммад Жавад Зараф ташрифининг ниҳоясида.