ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК: ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ САУДИЯ АРАБИСТОНИДА
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони жуғрофий жиҳатдан узоқ масофада жойлашган бўлса-да, ҳар икки давлатни умумий тарих, диний-маърифий қадриятлар ва уйғун маданий ришталар боғлаб туради. Айтиш жоиз, бу икки давлатнинг кўп қиррали ҳамкорлиги йилдан йилга янада кенгайиб, янги босқичга кўтариляпти. Шу маънода, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи ҳам сўзимиз исботи бўла олади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилик қилаётган делегация таркибида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш. Зиёдов, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари З. Эшонқулов, Ҳадис илми мактаби ректори Б. Амонов бўлиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитишда Саудия Арабистони тажрибаси ўрганилиши кўзда тутилган.
Делегацияни Хаж ва Умра вазирлигининг халқаро алоқалар бўлими масъуллари Бадр ат Талахий ва Абду Фахид кутиб олишди. Қайд этиш лозимки, ҳар икки мамлакатнинг ҳам муқаддас ислом динининг маърифати, унинг тинчликпарвар ғояларини тарғиб қилиш, аждодлар меросини тадқиқ этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари уйғундир. Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини янги мазмун билан бойитишда, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида жаҳон тажрибаси ўрганилаётгани ҳақида маълумот берди. Ўз навбатида, мезбонлар шу йўналишдаги илғор тажрибалари билан ҳам ўртоқлашишди.
Айниқса, Ар-Риёддаги Дирияҳ тарихий мажмуасига бўлган ташриф, тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этди. Бу ер Саудия давлатининг биринчи подшоҳлиги давридаги манзил сифатида алоҳида эъзозланади. Унинг туризм имкониятидан ташқари, илмий изланувчилар учун ҳам қулайликлари кўп. Бутун бошли қадимий шаҳарча яхлит композиция касб этадиган мажмуага айланган. Турли чироқлар ёрдамида ёритилиши, “3D” технологияларнинг татбиқ этилгани алоҳида эътиборга молик. Мажмуадаги тажрибани Ўзбекистон заминидаги кўплаб тарихий қадамжолар ва манзилларга қўллаш мумкин экани таъкидланди.
Очиқ осмон остидаги музей деворларга туширилган ёруғлик, бутун бошли тамаддун рамзларини инновацион усулда намойиш эта оладиган технология. Содда қилиб айтганда, “тарихни жонлаштириш” дейилади. Айни жиҳатлар «Жаҳоннинг энг пешқадам 500 нафар мусулмон кишиси» рейтингидан ўрин олган Буюк Британия жамоат арбоби Аҳмад Салим билан учрашув жараёнида ҳам алоҳида таъкидланди.
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг юртингиздаги марказни бунёд этиш ташаббусини олқишлайман. Бу ташаббус бутун ислом олами учун ҳам жуда муҳимдир. Мен август ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказиладиган конгрессга таклиф этилдим. Мазкур таклифни бажонидил қабул қилдим. Келгусида экспозицияда намойиш этиладиган экспонатларни нафақат марказнинг ўзида, балки “ҳаракатдаги музей” сифатида бошқа халқаро кўргазмаларда ҳам намойиш этиш билан боғлиқ айрим ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Биз кўплаб медиа-маҳсулотлар, ҳужжатли фильмлар орқали бой тарихни янада жонлантирамиз, - деди Аҳмад Салим.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи давом этяпти.