ХАБАР
Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори доктор Фариза Шам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонлар Марказ директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов томонидан кутиб олинди.
Ф. Ҳалимов икки томонлама алоқалар жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлаган ҳолда, ташкилотлар ўртасидаги илмий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти юқори эканлигини эътироф этди. Жумладан, 2020 йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Мусулмон олимларнинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги илмий конференция икки мамлакат илмий доиралари томонидан юксак баҳоланаётганини қайд этди.
Шунингдек, малайзиялик олимларнинг жорий йил 30–31 май кунлари Марказ томонидан ташкил этилган “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – жаҳон ислом меросини оммалаштиришнинг муҳим бўғини” мавзусидаги халқаро давра суҳбатида иштироки учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Доктор Фариза Шам ташкилотлар ўртасидаги турли йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Марказ ўз фаолиятини тўлиқ янги бинода бошлаши нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом олами учун манфаатли бўлишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида ўзаро эсдалик совғалари алмашилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати