ХУШХАБАР


MasterCard ва CrescentRating ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилинадиган "Жаҳон Мусулмон Саёҳати Индекси" халқаро рейтингида Ўзбекистон олти поғона юқорилаб 16-ўринни эгаллади ҳамда энг жадал кўтарилган мамлакат сифатида алоҳида эътироф этилди. Ўзбекистон ушбу рейтингда 2018 йилда 32-ўрин, 2019 йилда 22-ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистоннинг бу йилги ҳисоботда жадал кўтарилишига мамлакатимизнинг Ислом дини билан боғлиқ бой меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган қатор лойиҳалари асосий сабаб эканлиги кўрсатилди.

Ўзбекистонда 2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқимизнинг ислом дини билан боғлиқ ноёб меросини илмий асосда ўрганиш, маърифатли ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб беришга қаратилган қатор "мега лойиҳалар"га асос солинган.

Пойтахтда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шундай лойиҳалардан ҳисобланиб, мамлакатимизнинг ислом дини билан боғлиқ ноёб моддий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали мамлакатимизда зиёрат туризмининг янада ривожланишига катта хисса қўшади.