ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДА ЎТКАЗИЛАЁТГАН ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ


2024 йил 4-5 март куни Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи А.Аллоқулов, Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими И.Бекмирзаев, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи М.Амонов ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимидан иборат тарғибот гуруҳи Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри, Ҳазорасп ҳамда Хонқа туманларида тарғибот тадбири ўтказди.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокимининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари котибият мудири Ф.Раззақов, Дин қўмита вакиллари О.Ваисов, Хазорасп туман ҳокими Зафар Абдиримов, Урганч шаҳар ҳокимлик вакиллари, Хонқа ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р.Аминов, Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси Э.Эгамбердиев, Республика маънавият маърифат маркази Хонқа туман бўлинмаси раҳбари Т.Абдуллаев, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, худудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, профлактика инспекторлари, тиббиёт ходимлари, мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директорлари ва ўринбосарлари (жами 420 нафар) иштирок этди.

Хоразм вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Фахриддин Раззоқов мовароуннаҳрлик мутафаккирлар асарларидаги эзгу ғоялар, уларнинг ёш авлодни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги беқиёс ўрни хусусида фикр юритди.

Хазораспда туман ҳокими Зафар Абдиримов ташкил этилган мазкур тадбирлар аллома аждодларимизнинг комил инсон, баркамол шахс сийратига оид қарашларини теранроқ англашда, улар қолдирган бой маънавий мероснинг тарбиявий жиҳатларини амалиётга кенгроқ татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этишини қайд қилди.

Хонқадаги тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Руфат Аминов анжуман юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақидаги тасаввурларни янада бойитгани, улар илмий меросининг юксак маърифий аҳамиятини кенгроқ очиб берганини эътироф этди.

Учрашувда “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш этилиб, сўнгра “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар қилинди.

Марказ катта илмий ходими И.Бекмирзаев тадбир иштирокчиларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мақсади, вазифалари, аждодлар меросини тарғиб қилиш, бу йўлда амалий ишлар аллақачон йўлга қўйилгани ҳақида маълумотлар берди. Шунингдек, Марказ кутубхона фондидаги ноёб қўлёзма ҳамда тошбосма асарлар, Хоразм тарихига оид бўлган қадимий ёзма манбаалар, уларнинг аҳамияти, хориждан келтирилган нодир асарлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Тадбир якунида илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган 50 номдаги янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.

Тарғибот тадбири Хоразм вилояти телерадиокомпаниясида ҳамда Урганч шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати, Хонқа туман ҳокимлиги матбуот хизмати, Ҳазорасп туман ҳокимлиги матбуот хизмати ва ижтимоий тармоқлари орқали кенг ёритилди.