Тожикистонда Амир Темур ҳаёти ҳақида ўзбек тилида битилган эски қўлёзма топилди


“Шарқ Ренессанслари фонемени: салтанатлар, динлар, шахслар, кашфиётлар" — Ўзбекистондаги халқаро маданий мерос ҳафталигида буюк соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўзбек тилида битилган энг эски қўлёзма ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси, Тожикистон Миллий университети профессори, филология фанлари доктори, навоийшунос олим Бадриддин Мақсудов анжумандаги маърузасида маълум қилди.

Олимнинг айтишича, “Маноқиби Амир Темур Соҳибқирон” деб номланган бу китоб Амир Темур ҳақида ёзилган ва шу пайтга қадар етиб келган туркий қўлёзмаларнинг ҳозирча энг қадимийси бўлиши мумкин.

Маълумки, Амир Темур ҳақида айни пайтга қадар ўнлаб, илмий, тарихий ва бадиий асарлар яратилган. Улар қаторида Амир Темурнинг ўзига нисбат бериладиган “Темур тузуклари”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”, Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирхонд ва Хондамирнинг “Равзатус-сафо”, Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ул-мақдур фий навоиби Таймур”, Руи Гонзалес Клавихонинг “Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” сингари ўнлаб асарларни қайд этиб ўтиш мумкин.

Амир Темур ҳақида ўз даврида ҳам, ундан кейин ҳам туркий тилда кўплаб асарлар яратилган бўлиши мумкин. Бизга қадар етиб келган ҳужжатлар орасида Амир Темурнинг туркий тилда битилган ёрлиқлари ҳам мавжуд.

Душанбеда топилган китобнинг хотимасида ҳижрий 1027 йил ражаб ойи санаси қайд этилган. Бу 1618 йилнинг июнь-июль ойларига тўғри келади. Бу асарнинг кўчирилган санасидир, асарнинг ўзи ундан ҳам аввал ёзилган бўлиши мумкин. Чунки, қўлёзманинг колофонидаги мана бу байт дастхат муаллифга эмас, котибга тегишли эканини билдиради:

Гарчи лойиқ нист ин хат дар китоб

Лек аз бекори кардан беҳтар аст.

(Гарчи бу хат ушбу китобга муносиб бўлмаса-да, лек бекорчиликдан яхшироқ)

Шундан келиб чиқсак, бу китоб 1618 йилда эмас, балки ундан ҳам аввалроқ ёзилган, деган хулосага бориш мумкин. Олимлар китоб муқаддимасидан муаллиф ва у яшаган даврдаги ҳукмдор номини ҳам аниқлашга муваффақ бўлишди.

Бу асарнинг бир қанча нусхалари Тошкентда ҳам сақланади. Хусусан, “Оғози достони Амир Темур Кўрагон” деб қайд қилинган қўлёзма айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланмоқда. 112 варақдан иборат бу қўлёзма Муҳаммадхожа ибн Жаъфархожа асарининг кейинги даврларда кўчирилган нусхаси бўлиши мумкин.

"Маноқиби Амир Темур Соҳибқирон" китоби тарихий маълумотлардан кўра кўпроқ халқ орасида кенг тарқалган афсона ва ривоятларга асосланган. Буни асарда Амир Темур даврида яшамаган бир қатор тарихий шахсларнинг унга замондош қилиб кўрсатилганидан билиш мумкин. Шунингдек, Амир Темурнинг туғилиши, жанг манзаралари, шайхларнинг кароматлари халқ китобларидаги мўъжизакор ҳаракатларни йодга солади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ходимлари томонидан Душанбедан топилган бу ноёб қўлёзманинг нусхасини таниқли тарихчи ва манбашунос олимларимиз ёрдамида чуқур тадқиқ этиш ҳамда келгусида ушбу қўлёзманинг факсимиле нусхаси ва жорий алифбодаги матнини чоп этиш режалаштирилган.