"Учинчи Ренессанс - ёшлар нигоҳида" мавзусидаги мақолалар танлови ва "Мусулмон шарқида илм-фан ривожи ва ҳозирги замон" мавзусидаги иншолар кўрик-танлови натижалари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 2023 йил 27 апрель куни Ёшлар ишлари агентлиги, Фанлар академияси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида олий таълим ва илмий-тадқиқот ҳамда ўрта махсус таълим муассасаларида илмий-изланиш олиб бораётган ёш манбашунос олимлар, тадқиқотчи ва магистрлар ўртасида Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон ҳамда биринчи ва иккинчи ренессанс даврлари тарихи ҳамда уларнинг бугунги аҳамияти тўғрисидаги билимларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида “Учинчи Ренессанс – ёшлар нигоҳида” мавзусида мақолалар танлови ҳамда “Мусулмон шарқида илм-фан ривожи ва ҳозирги замон” мавзусида иншолар кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров кириш сўзи билан очиб берди ва қатнашчиларни қутлаб, танлов иштирокчиларига омад тилади. Шундан сўнг Марказ олимлари – с.ф.д., проф. З.Мунавваров “Ислом цивилизацияси алломаларининг маънавий мероси” мавзусида; т.ф.д., проф. И.Бекмирзаев “Учинчи ренессанс – Янги Ўзбекистон: инновация ва ёшлар” мавзусида маъруза қилдилар.

Тадбирнинг асосий қисмида ёш тадқиқотчилар, талабалар, магистрлар ва мустақил изланувчи ҳамда таянч докторантлар ўз илмий мақолалари бўйича маъруза қилдилар. “Учинчи Ренессанс – ёшлар нигоҳида” мавзусидаги мақолалар танловида 25 нафар иштирокчи, “Мусулмон шарқида илм фан ривожи ва ҳозирги замон” иншолар кўрик-танловида 25 нафар талаба иштирок этишди.

Марказ директори ўринбосари Ф.А.Ҳалимов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни табриклади. Шундан сўнг ғолиб ва иштирокчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ғолиблар ва танлов иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ажратилган мукофот, китоблар ҳамда сертификат билан тақдирландилар: I ўрин соҳиби –Тошкент давлат шарқшунослик университети магистранти Эргашбоев Мейербек,  иккита II ўрин соҳиблари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистранти Худайкулова Сабина ва  Қорақалпоғистон Республикаси Нукус давлат педагогика институти қошидаги  Ажиниёз номидаги Академик лицейнинг 2-босқич талабаси Мамбетназаров Миразиз, иккита III ўрин соҳиблари – ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таянч докторанти Тожиев Достонжон ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти Амиров Ҳошимхон Ҳамза ўғлига мукофотлар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом таълими муассасаси талабалари “Мусулмон шарқида илм-фан ривожи ва ҳозирги замон“ иншолар танлови ғолибларига – I ўрин соҳибаси – II курс талабаси Мамажонова Мухтасар, II ўрин соҳибаси – Мақсудхўжаева Мадинахон, III ўрин соҳибасиЭргашева  Аминахонга мукофотлар топширилди.