Турктав фондидан 20 мингдан ортиқ электрон китоблар қабул қилиб олинди
Ислом цивилизацияси маркази доимий равишда хорижий турдош илмий-таълим марказлари, тадқиқот институтлари билан ислом дини ва маданиятини тадқиқ этиш йўналишида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиб келади.
Шундай тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 15 ноябрь куни Марказ директори Ш.Миноваров ва ТуркТАВ фонди раиси Низаметтин Айтурк ҳамда Евроосиё кутубхоналар уюшмаси бош котиби Асуман Акдемир ўртасида учрашув ташкил этилди.
Меҳмонлар томонидан Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити доирасида “Туркистон хариталарда” мавзусида фото кўргазма ташкил этилиб, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлашда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. ТуркТАВ фонди Туркий давлатларнинг бой маданий ва тарихий меросини тадқиқ қилиш, келажак авлодга безавол ҳолда етказиш борасида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида Туркиянинг Истанбул ва Анқара шаҳарларида Марказ ва Фонд ҳамкорлигида халқаро фото кўргазма ташкил этилди.
Учрашув якунларига кўра ТуркТАВ фонди томонидан Марказга 20 мингдан ортиқ ноёб китобларнинг электрон нусҳалари тақдим этилди. Шу билан бирга “Туркистон хариталарда” кўргазмасига қўйилган турк халқларининг тарихи, уларнинг тарқалиши ва миграция йўллари тасвирланган хариталар нусҳалари, ҳамда Турк миниатюра дурдоналари жамланмаси тақдим этилиши келишиб олинди.
Шунингдек, ТуркТАВ фонди раиси Низаметтин Айтурк жорий йилнинг 3-6 декабрь кунлари Истанбул шаҳрида ташкил қилинаётган TUYAP Халқаро китоб кўргазмасига Ислом цивилизацияси марказини иштирокчи сифатида таклиф қилди.
Суҳбат давомида Евроосиё кутубхоналар уюшмаси томонидан Марказ кутубхонаси ходимлари учун онлайн шаклда тажриба алмашиш, замонавий кадрларни тайёрлаш, кутубхона фаолиятига илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш йўналишида ўқув курсларини ташкил этишга келишиб олинди.
Ижтимоий-маърифий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил илмий бўлими