Туркиянинг МАРМАРА университети илмий тадқиқотчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
2022 йил 30 январь куни Туркиянинг МАРМАРА университети илмий тадқиқотчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюрди.
Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Саидкомил Холхўжаев, бош илмий ходим Умид Маҳмудов ҳамда Мармара университети илоҳиёт факультети илмий-тадқиқотчилари Бетул Эссар, Марве Акюз, Зумрут Тержан ва бошқалар иштирок этдилар.
Ислом санъати ва маданияти соҳасида илмий иш олиб бораётган Туркиялик тадқиқотчиларда Ўзбекистоннинг бой маданий тарихи, диний-маърифий соҳадаги тизимли ислоҳотлар катта таасурот қолдирди.
Тадқиқотчилар орасида Абрў - сувда сурат чизиш санъати бўйича мутахассислар ҳам бўлиб, улар томонидан Бухоро шаҳрида Абрў санъати бўйича маҳорат дарси ташкил қилинди (Маълумот учун: Абрў санъати махсус идишдаги сувда бўёқлар билан сурат чизиш ва уни қоғоз ёки матога ўтказиш санъати).
Маълумки, ислом санъати бутун мусулмон дунёсида катта тарихга эга бўлиб, табиийки, бу жараёнда Марказий Осиёнинг ҳам ислом саънатига кўшган ҳиссаси беқиёс. Уни асраб-авайлаб кейинги авлодга етказиш йўлида халқаро ҳамкорлик алоқалари катта аҳамият касб этади. Учрашувда хаттотлик ва меъморий санъат ҳанузгача давом этиб келаётгани, уни янада ривожлантириш ҳақида ўзаро фикр алмашилди. Устоз-шогирд анъаналарини давом эттирган ҳолда янги технологиялар ва қарашларни ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашув натижасида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда МАРМАРА университети ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва илмий йўналишдаги ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Матбуот хизмати