Тошкентда олимлар форуми: Ислом цивилизацияси маркази фонди қандай бойитилади?


Тошкент шаҳрида 3-4 июль кунлари “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” мавзусида Ўзбекистон олимлари форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.

Тадбир доирасида ҳозирда қурилиши давом этаётган Ислом цивилизацияси маркази фондини бойитиш бўйича олимлар, музей ва кутубхона вакиллари ўртасида муҳокамалар ташкил этилди. Таклифлар билдирилди.

youtube.com орқали кўриш

Марказ директори Фирдавс Абдухолиқовнинг айтишича, олимлар 9 та йўналиш бўйича мулоқот қилди.

Форумда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган 450 нафар олимлар ўзаро фикр алмашдилар. Фондимизни бойитиш юзасидан яхши таклифлар берилди. Энди бу ғояларни амалга ошириш ишларини бошлаймиз. Ўзбекистондан буюк инсонлар етишиб чиққан. Мақсадимиз уларнинг бебаҳо меросларини ўрганиб, халқимизга, айниқса ёшларга янгича услубларда етказиш, деди марказ раҳбари.

Режага кўра, бинонинг катта қисми Ислом цивилизацияси тарихи музейи учун ажратилади. Музей тарихий воқеалар хронологияси асосида 9 бўлимни ўз ичига олади. Улар “Қуръон” зали, Марказий Осиёда исломгача бўлган давр, минтақага исломнинг кириб келиши, таълим, илм-фан, ҳунармандчилик ва санъат, меъморчилик, анъаналар тарихи ва Янги Ўзбекистон оид бўлимлардир.

“Қуръон” зали 800 квадрат метрдан ортиқ жойни эгаллайди. Зал марказига бебаҳо ва мўтабар мерос — Ҳазрати “Мусъҳафи Усмон” жойланади.

Шу билан бирга, марказ биносидан тарихий анъаналар ва замонавий технологияларни ўзида жамлаган йирик кутубхона ўрин олади. Ислом цивилизацияси маркази Ҳастимом мажмуаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро ислом академияси билан ёнма-ён қурилиб, яхлит комплекс ҳосил қилади.

Фирдавс Абдухолиқов “Дарё” мухбири билан суҳбатда яна бир масалага тўхталди. Яъни Ўзбекистон маданий меросларининг бор-йўғи 15 фоизи мамлакатда, қолган 85 фоизи чет давлатларига олиб чиқиб кетилган.

Мақсадларимиздан бири турли сабаблар билан хорижга чиқиб кетган тарихий манбаларимизни қайтариш. Албатта, уларнинг оригиналини бизга ҳеч ким бермайди. Лекин муляжлар турибди, факсимил тарзида ёки нусхаларини олиб келишимиз керак. Уларнинг кўриниши оригиналидан фарқ қилмаслиги лозим. Музейимиз шундай контент билан билан бойитилса, кирган одам лол қолади. Ўзбек халқининг жаҳон цивилизациясига қандай ҳисса қўшганини далиллар билан яққол кўрсатиб берамиз, деди марказ директори.

Форум доирасида иштирокчилар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Қурувчилар бинонинг ўзи икки гектарни, мажмуанинг умумий майдони эса 7 гектарни ташкил этишини айтди.

Марказ қурилиши деярли етти йилдан бери давом этмоқда. Режага асосан, жараён 2023 йилда якунланиши керак эди. Бироқ пандемия сабаб маҳсулотлар етказиб бериш ва қурилиш ишлари кечиккан. Марказ жорий йил сўнгигача қуриб битказилиши кутилмоқда.

манба: daryo.uz