Тошкент шаҳар ҳокимлигида "Ҳозирги Ўзбекистоннинг мега лойиҳалари - Ислом цивилизацияси маркази" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди


     Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази шундай мега лойиҳаларидан бири бўлиб, унинг асосий вазифаси илк ўрта асрлардан бошлаб мусулмон ва жаҳон цивилизациясига ўз кашфиётлари ва илмий изланишлари билан бебаҳо ҳисса қўшиб келаётган ўзбек халқининг буюк аждодлари меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этишдан иборат.

31 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ОАВ вакилларига Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси тарихи, қурилиш ишлари жараёнлари, мақсад ва вазифалари, ҳозиргача Ислом цивилизацияси маркази жамоаси томонидан амалга оширилган ишлар, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро ҳамкорлиги тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.

Қайд этиш жоизки, Ислом цивилизацияси маркази биноси Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида қад кўтармоқда. Бино ғоя ва мақсадларга мос равишда улуғвор, салобатли бўлиб, анъанавий ислом ва ўзбек меъморчилиги услубида бунёд этилмоқда. Марказ учун 10 гектардан кўпроқ жой ажратилган. Лойиҳага кўра, мазкур меъморчилик дурдонаси уч қаватдан иборат бўлади, атрофи тўлиқ ободонлаштирилади, сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилади. Мажмуада нодир экспонатларга бой Ислом санъати музейи, кутубхона, қўлёзмалар фонди, илмий кафедралар, конференциялар зали бўлиши назарда тутилмоқда.

Маълумки, ҳар бир цивилизация илм-фан, яратувчилик, иқтисодиёт, сиёсат ва маданиятда жаҳон тамаддунида қолдирган изи билан баҳоланади. Шу маънода, илк ва кечки ўрта асрларда олимлар, фузалолар, илоҳиётшунослар, қурувчи-меъморлар ва ҳунармандларнинг бир неча авлодини етиштирган, уларнинг қуввати-ҳофизалари билан ўлмас асарлар, кашфиётлар, санъат асарлари бунёд этилишига сабабчи бўлган ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни беқиёсдир. Ушбу цивилизациянинг алломалари ичида юртдошларимизнинг ўрни ҳам муҳим ва салмоқлидир.

Ислом цивилизацияси маркази биносига Ўзбекистон халқаро ислом академияси жойлаштирилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Президентимиз таъбирлари билан айтганда, ушбу маскан илм ва маърифат маркази бўлади. Бу ерда турли ёш вакиллари, хусусан, бакалаврлар, магистрлар ва бўлажак илоҳиётчи докторлар ва ҳатто оддий ўқувчи учун ҳам зарур шароитлар яратилади. Ушбу марказ ислом маърифатини, буюк аждодларимизнинг бой меросини халқимизга ва дунё ҳамжамиятига етказиш вазифасини бажаради.

Айни кунда Ислом цивилизацияси маркази фондларида 1000 дан ортиқ нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар, 8000 дан кўпроқ XIV асрдан бошлаб чоп этилган адабиётлар ва 25 мингдан зиёд электрон китоблар сақланмоқда. Марказда 34 нафар техник ва илмий ходимлар фаолият олиб бормоқдалар. Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўтган ва жорий йилларда “Ҳадислар тўплами”, “Видо хутбаси”, “Етти пир мероси” китоблари нашр этилди, 4 та информация роликлари яратилди, мамлакатимизда ва хорижда 27 та тақдимот ўтказилди, 11 та хорижий марказлар, университетлар ва кутубхоналар билан ҳамкорлик меморандумлари тузилди ва амалга оширилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги қурилиш ва уни жиҳозлаш ишлари 2020 йилнинг сўнггида якунланиши режалаштирилган.

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати