Тарихий объект яратилиши йўлида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги ПҚ-5186 қарорининг ижорсини таъминлаш мақсадида Ислом Цивилизацияси маркази қурилиш майдонидаги дирекция биносида мунтазам равишда олимлар ва Марказ ходимлари бошчилигида «Ислом цивилизацияси тарихи музейи» экспозициясини шакллантириш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.
Бугун музейнинг «Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши» бўлими экспозициясидан жой олиши кутилаётган артефактлар ижодий жамоа томонидан кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди. Илмий мажлисга раислик қилган «Музей ва экспонатлар» илмий бўлими бошлиғи, профессор Иброҳим Йўлдашев кўриб чиқилаётган бўлим экспонатлари рўйхати билан мажлис иштирокчиларини таништирди.
Академик Акбар Хакимов ва Санъатшунослик илмий-тадқиқот Институти катта илмий ходими (Phd) Машариб Абдуллаев экспонатларнинг жойлашуви ва уларнинг мазкур бўлимга мос келиши ёки келмаслиги юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Устоз Акбар Хакимов маълум бир экспонатларнинг даврий жиҳатдан тўғри келиши, материали, муляжларининг ясатилиши ва уларнинг экспозицияда намойиш этилиши қоидаларига доир кўрсатмалар берди.
Экспонатлар ва матнларнинг изоҳлари масаласида профессор Зоҳидулла Мунавваров ўз тавсияларини берди.
Илмий мажлис иштирокчиларидан Республика Ҳунармандлар уюшмаси раиси ўринбосари Азиз Муртазоев экспонатларнинг ясалиши ёки унга мавзувий жиҳатдан муқобилларини топиш борасида амалий ёрдам беришини билдирди.
Халқимизга ва ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига дунё тарихида Ислом тамаддунининг тутган ўрни ва асл моҳиятини етказишда Республикамизнинг барча соҳадаги олимлари ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Тайёрлади,
Марказ ходими, санъатшунос Алишер Эгамов.