Тарихий асарнинг хорижда тақдимоти ўтказилди


Россия Федерациясининг диний-маърифий доираларида буюк аждодимиз, аллома Муҳаммад Уструшанийнинг бола ҳуқуқлари бўйича “Жомеъ аҳком ас-сиғор” (Бола ҳуқуқлари кодекси) асарининг тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан жорий йилнинг 29 сентябрь куни Россия ислом институти ва Булғор Ислом академияси раҳбарияти билан ва 1 октябрь куни Татаристон Республикаси муфтийси Камиль ҳазрат Самигуллин билан учрашув ўтказилди. Бош консуллик томонидан XIII асрга оид бола ҳуқуқлари бўйича дунёдаги беназир асар – 1300 га яқин фатволарни қамраб олган – “Жомеъ аҳком ас-сиғор”  ҳақида маълумотлар берилди ҳамда китоб нусхалари Россия томонига тақдим этилди.

Жиззахлик буюк алломага оид ушбу ноёб асар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан  Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида тайёрланган.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати